Ўзбекистондаги барча тергов бўлинмаларида сўроқ жараёни видеога ёзиб олинади

Сенатнинг 21 октябрь куни бўлиб ўтган саккизинчи ялпи мажлисида қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз жазо турларини қўллаш билан боғлиқ ИИВ ҳамда Бош прокуратурага юборилган парламент сўрови натижалари муҳокама қилинди. Бу ҳақда Сенат ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Сенат ахборот хизмати

Қайд этилишича, Ички ишлар вазирлиги томонидан Сенат қарори ижросини таъминлаш бўйича алоҳида чора-тадбирлар тасдиқланган. Хусусан, БМТнинг 1984 йилдаги Конвенцияси ва Ўзбекистон Жиноят-процессуал кодексига қатъий амал қилиш бўйича янги тартиб йўлга қўйилган.

Хабарга кўра, ички ишлар органларининг 468 та маъмурий биноси, 91 та вақтинча сақлаш ҳибсхонаси, 13 та махсус қабулхона, 12 та реабилитация маркази, 43 та жазони ижро этиш муассасаси, 11 та тергов ҳибсхонасида жами 9 547 та кузатув камераси ўрнатилган.

Фото: Сенат ахборот хизмати

Шунингдек, Прокуратура органлари томонидан эса 2020 йилнинг 7 ойида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда 5116 та текшириш ўтказилиб, аниқланган қонун бузилиши ҳолатларини бартараф этиш юзасидан 2783 та тақдимнома киритилган.

Мажлисда сенаторлар парламент сўровида кўтарилган айрим муаммоли масалаларни Ички ишлар вазирлиги ва Бош прокуратура томонидан бартараф этиш чораларини кўриш кераклигини таъкидлаган. Жумладан, Ички ишлар вазирлиги томонидан бир ой муддатда БМТнинг 1984 йилдаги Қийноқларга солишга ва муомалада бўлиш ва жазолашнинг бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни таҳқирловчи турларига қарши конвенцияси ҳамда Ўзбекистон Жиноят-процессуал кодексига қатъий амал қилиш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш, шунингдек, ички ишлар органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш мақсадида жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан ўзаро ҳамкорлик меморандумини тасдиқлаш зарурлиги белгиланган.

Фото: Сенат ахборот хизмати

Бунга қўшимча тарзда, Бош прокуратура ва Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) билан ҳамкорликда тергов ҳибсхоналари, озодликдан маҳрум этиш жойлари ва шахслар турган, ўз ихтиёри билан чиқиб кета олмайдиган бошқа жойларда хизмат олиб борувчи ходимларининг қийноққа солиш, шафқатсиз ва ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи хатти-ҳаракатларининг барвақт олдини олиш бўйича 2021 йилга мўлжалланган қисқа муддатли ўқув дастури ишлаб чиқиш муҳимлиги билдирилган. Қолаверса, 2021 йил якунига қадар барча ҳудудий тергов бўлинмаларида сўроқ жараёнини стенография қилиш, видеокузатув, шунингдек, тергов ҳаракатларини аудио ва видео қайд этиш тизимлари билан жиҳозланган махсус тергов хоналари ташкил этиш зарурлиги борасида сўз юритилган.

Шунингдек, Олий Мажлис Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Миллий марказига ҳам тегишли топшириқлар берилган.

Шу билан бирга, Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар, Тошкент шаҳар ва туман (шаҳар) Кенгашларига ҳар чоракда ички ишлар ва прокуратура органлари раҳбарларининг ўз фаолиятлари тўғрисидаги ахборотларини эшитишда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан содир этилган қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз жазо турларини қўллаганлик ҳолатларига алоҳида эътибор қаратиш ва муҳокама қилиб бориш тавсия этилган.

Мазкур масала юзасидан Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинган.

Аввалроқ Борий Алихонов ва Наримон Умаров сенатор этиб тайинлангани, Мурат Камалов Олий Мажлис Сенати раисининг ўринбосари этиб сайлангани хабар қилинган эди.

Янгиликлар