Борий Алихонов ва Наримон Умаров сенатор этиб тайинланди
Шавкат Мирзиёев 20 октябрь куни Алихонов Борий Ботирович ва Умаров Наримон Мажитовичларни Олий Мажлиси Сенати аъзолари этиб тайинлаш тўғрисидаги фармонни имзолади. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоларини тайинлаш тўғрисида»ги 2020 йил 20 октябрдаги фармонига асосан ҳамда Сайлов кодексининг 14, 16 ва 75-моддаларига мувофиқ Марказий сайлов комиссияси Борий Алихонов ва Наримон Умаровни Олий Мажлиси Сенати аъзолари этиб рўйхатга олган.
Наримон Умаров Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси этиб сайланган. Борий Алихонов эса Сенатнинг янги ташкил этилган Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари қўмитаси раиси этиб сайланган.
Қайд этилишича, Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлисида Борий Алиханов ва Наримон Умаровни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг депутатлари рўйхатидан чиқариш ва Сенат аъзолари этиб рўйхатга олиш тўғрисида қарор қабул қилинган.
Аввалроқ Одилжон Иминов Сенат қўмитасига раис этиб сайлангани, Сенатор контракт миқдорининг талабанинг моддий таъминоти даражасидан келиб чиқиб белгиланишини таклиф қилгани ҳақида хабар қилинганди.