Бош прокурор устидан Президентга мурожаат йўллаган Бухоро прокурори лавозимига тикланди

Бош прокурор устидан Президентга мурожаат йўллаган Жасур Фозилов 20 декабрдан Бухоро шаҳар прокурори сифатида иш фаолиятини бошлагани ҳақда хабарлар тарқалди. ЎзA ушбу хабарлар рост эканини маълум қилди.

Фото: «Bukhara News»

Хабарга кўра, Бош прокуратура матбуот хизмати ЎзAга бу хабар тўғри эканини тасдиқлаган. Лекин хабарга оид тўлиқ тафсилотлар ҳали маълум қилинмаган. Ижтимоий тармоқларда унинг Президентга мурожаати акс этган яна бир видео тарқалди. Унда Жасур Фозилов Республика идоралараро комиссиянинг қарори билан танишиб чиққани ва барча ҳолатлар адолатли ва холисона ўрганиб чиқилганини таъкидлаган.

«Aссалому алайкум, муҳтарам Президент. Менинг ушбу мурожаатим шахсан сизга. Мен ижтимоий тармоқлар орқали ўзим прокурор бўлиб, ўзим қонунни ҳимоя қиладиган шахс бўлиб, сиздан адолат сўраб мурожаат қилган эдим.

Менинг мурожаатларим асосида, шахсан сизнинг ташаббусингиз билан Республика идоралараро комиссияси тузилиб, Бухорога юборилди. Чунки менга, менинг оила аъзоларимга, яқинларимга нисбатан қонунсиз ҳаракатлар, тазйиқлар бошланган эди.

Мен бугун комиссиянинг қарори билан танишиб чиқдим. Комиссия томонидан барча ҳолатлар адолатли, холисона ўрганиб чиқилган. Шу жумладан, менинг ҳам хато ва камчиликларим аниқланиб, менга нисбатан ҳам жавобгарлик белгиланиши назарда тутилган.

Барча ҳолатлар комиссия томонидан ўрганиб чиқилган. Баъзи ҳолатларга фуқаровий суд ишларини юритиш тартибида аниқлик киритиш тўғрисида хулоса қилинган. Менинг устимдан аризани уюштирган тадбиркорлар ҳам бош прокурор номидан фойдаланиб келаётганликлари комиссия аъзолари томонидан аниқланган.

Мен бу қарорни ўқиб, ундан адолатни топдим. Сизга минг раҳмат. Барча йиғилишларда, селекторларда доим таъкидлайсиз, халқ қонун устуворлиги таъминланаётганини билиши керак. Ушбу сўзларингиз исботини шахсан сиз томонингиздан қилинган ҳаракатлар натижасида ўзимда кўрдим», —  дейди Жасур Фозилов.

Маълумот учун, Бухоро шаҳар прокурори сифатида фаолият юритаётган Жасур Фозилов бундан бири неча кун олдин ижтимоий тармоқлар орқали видеомурожаатлар билан чиқиш қилган эди. Унда Жасур Фозилов турли қонунбузарликларни тилга олган эди.

Кейинчалик Бош прокуратура ушбу вазиятга муносабат билдириб, Бухоро шаҳридаги тадбиркорнинг Бухоро шаҳар прокурори Жасур Фозиловнинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари ҳақидаги аризаси текширилаётганлиги ҳақида маълумот берган. Шундан сўнг Бухоро шаҳар прокурори Ж.Фозиловнинг мурожаати юзасидан Республика идоралараро комиссияси тузилган эди.

Янгиликлар