Бош прокуратура Бухоро шаҳар прокурорининг мурожаати юзасидан муносабат билдирди

Бош прокуратура ижтимоий тармоқларда ўзини Бухоро шаҳри прокурори Жасур Фозилов дея таништирган шахсга тегишли тарқалган видео юзасидан муносабат билдирди.

Фото: «Tez News»

Маълум бўлишича, ижтимоий тармоқларда ўзини Бухоро шаҳри прокурори Жасур Фозилов дея таништирган шахсга тегишли видео мурожаат тарқалган. Мурожаатда прокурор унга нисбатан хизмат текшируви ўтказилаётгани ва қандай қонунбузилишлар аниқланса, бунга жавоб беришини айтиб, республика бош прокурори ва унинг уч нафар ходимига алоқадор жиноятлар ҳамда бошқа маълумотларни фош этмоқчилигини маълум қилган.

Кейинчалик Бош прокуратура ушбу вазиятга муносабат билдириб, Бухоро шаҳридаги тадбиркорнинг Бухоро шаҳар прокурори Жасур Фозиловнинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари ҳақидаги аризаси текширилаётганлиги ҳақида маълумот берган.

Таъкидланишича, муаллиф аризасида шаҳар прокурори Жасур Фозиловнинг тазйиқи билан Бухоро шаҳрида қурган йирик савдо мажмуасидан 1 метр квадратининг ҳақиқий нархи 20 миллион сўм бўлган савдо дўконини унга 5 миллион сўмдан сотганлигини, орадан бир йил ўтиб, яъни 2020 йил октябрь ойида шу нархдан яна битта дўконни сотишини талаб қилганлигини, рад жавобини берганлиги учун Жасур Фозилов уни терговга чақириб, жавобгар қилиш билан қўрқитаётганлигини билдирган.

Ушбу ҳолат бўйича Жасур Фозиловга нисбатан хизмат текшируви тайинланиб, текширувнинг холисона ва адолатли ўтказилишини таъминлаш, иш ҳолатларига тўлиқ ойдинлик киритиш, ҳар қандай аралашув ва таъсирларнинг олдини олиш мақсадида у 2020 йил 2 декабрь куни хизмат вазифаларини бажаришдан вақтинча озод қилинган.

«Текшириш давомида аризада келтирилган барча важлар, шу жумладан Жасур Фозиловнинг 2020 йил 11 декабрь куни ижтимоий тармоқлардаги баёнотида билдирган ҳолатларга тўлиқ ва ҳаққоний баҳо берилади», — дейилади хабарда.

Шу билан бирга, Бош прокуратура мурожаат ва баёнотда билдирилган барча масалалар бўйича шаффоф ва ошкора ўрганиш ўтказилишини, бунда жамоатчилик назоратини таъминлаш учун доимий ҳамкорликка тайёрлигини маълум қилган. Шунингдек, текшириш натижаси бўйича қўшимча равишда маълумот берилишини билдирган.

Аввалроқ Андижонда прокуратура биноси олдида ўзини ёқиб юборган аёл ҳақида қўшимча маълумот берилганди.

Янгиликлар