Бош прокуратура «Trailblazer» сотиб олганини инкор қилди

Ижтимоий тармоқларда Бош прокуратуранинг Давлат харидлари портали маълумотига асосан 2020 йил давомида «UzAuto Motors»дан «Lacetti», «Equinox» ҳамда «Trailblazer» автомашиналарини сотиб олгани ҳақида хабар тарқалган эди. Ушбу хабар юзасидан Бош прокуратура расмий баёнот берди.

Фото: «Tez News»

Унга кўра, Ўзбекистонда коронавирус пандемияси туфайли харажатлар чекловлари киритилишига қадар Бош прокуратура томонидан «UzAuto Motors»дан «Lacetti» ҳамда «Equinox» автомашиналари сотиб олинган. Бироқ «Trailblazer» автомашинаси харид қилинмаган.

«‘Equinox’ автомашинаси Молия вазирлигининг розилиги билан қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасида қонун ҳужжатлари ижроси устидан назоратни амалга оширишга масъул бўлган бош прокурорнинг ўринбосари (янги штат бирлиги) хизматда фойдаланиши учун харид қилинган. Юқорида кўрсатиб ўтилган хизмат автомашиналари бюджетдан ташқари жамғарма ҳисобидан харид қилинганлиги маълум қилинади», дейилган хабарда.

Аввалроқ Қўшработ ва Нарпай ҳокимлари салкам 400 миллион сўмга хизмат автомобиллари харид қилгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, «Ҳудудий электр тармоқлари» салкам 400 миллион сўмга «Trailblazer» харид қилгани ҳақида хабар берилган.