Андижонда прокуратура биноси олдида ўзини ёқиб юборган аёл ҳақида қўшимча маълумот берилди

Бош прокуратура Андижонда қизининг ўлимига сабабчи бўлган йигитдан «Spark» ундиролмагани учун ўзини ёқиб юборган аёл юзасидан қўшимча маълумот берди.

Таъкидланишича, 2020 йил 30 ноябрь куни Бош прокуратуранинг расмий телеграм каналида Андижон вилоят прокуратураси биноси олдида аёл киши ўзини ёқиб юборганлиги ҳақида баёнот берилган. Баёнот чиқарилиши ортидан жамоатчилик орасида кенг муҳокамалар бошланиб, ўз жонига қасд қилган қизнинг ёши ҳамда ўзига ўт қўйган аёлнинг куйиш даражаси бўйича турли талқинлар кузатилмоқда.

Аниқланишича, 2020 йил 24 июль куни 1999 йилда туғилган, Андижон машинасозлик институтининг 2-курс талабаси Н.М. ўз мобил телефонига 2004 йилда туғилган, умумтаълим мактабининг 10-синф ўқувчиси вояга етмаган Т.М.ни суратга олган. Ушбу фотосуратлар бошқаларга ошкор бўлишидан қўрқиб фуқаро Т.М. ўз жонига қасд қилган. 2020 йил 30 ноябрь куни соат тахминан 12:20 ларда тергов ҳаракатлари давомида гумонланувчидан «Спарк» атомашинасини ундириб беришни талаб қилиб, Андижон вилоят прокуратурасига келган, марҳуманинг онаси 1983 йилда туғилган Б.С. прокуратура биноси олдида ўзига ўт қўйган.

Кўрсатилган тезкор ёрдам натижасида у шифохонага ётқизилган. Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Андижон филиали комбустиология бўлимида фуқаро Б.С.га нисбатан юритилган тиббий баённома ва бўлим шифокорининг дастлабки маълумотномасига асосан Б.С. ўзини ёқиб юбориши оқибатида «Алангадан I-II-IIIА даражада юзи, бўйни, кўкрак қафаси, иккала қўлларининг 15 фоизи» куйган.

«Қайд этиш керакки, фуқаро Б.С.нинг ўзини ёқиб тан жарохати олганлиги ҳолати бўйича 30.11.2020 йил куни суд тиббий экспертизаси тайинланган.

Бироқ, бемор шу кунинг ўзидан суд тиббий экспертизасидан ўтишдан бош тортиб, ўзининг яшаш хонадонига кетиб юборган. Б.С.ни такроран суд тиббий экспертизасидан ўтказиш учун яшаш хонадонига суд тиббий экспертизаси эксперти М.Дехқонов, профилактика инспекторлари И.Қаххаров, Д.Исмоилов ва икки нафар холислар билан биргаликда борилганида у экспертизадан ўтишдан такроран бош тортган.

Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан қилинган ҳар бир расмий баёнот асосли ҳамда аниқ факт ва далилларга таянган ҳолда эълон қилинади», дейилади Бош прокуратура баёнотида.

Аввалроқ Самарқандда хотинини чопиб ташлаб, уйини ёқиб юборган эркак ҳамда 34 ёшли аёл ва унинг 30 ёшли эркак таниши ўз жонига қасд қилгани ҳақида хабар берилган эди. Кейинчалик Наманганда икки севишган ота-онасини қўрқитиб қўйиш мақсадида бир-бирини пичоқлагани оқибатида қиз вафот этгани ва Қашқадарёда мактаб директори жонига қасд қилишидан олдин хат қолдиргани маълум қилинганди.