ИИВ ва Бош прокуратура зиммасига янги вазифалар юклатилади
Ички ишлар вазирлиги ва Бош прокуратура электр, иссиқлик энергияси ва газдан фойдаланишдаги қонунбузарликлар билан шуғулланади. Бу ҳақда Aдлия вазирлигининг «Huquqiy axborot» Telegram каналида маълум қилинди.
Таъкидланишича, Президентнинг «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони қабул қилинган.
Фармонга мувофиқ, 2020 йил 1 декабрдан:
- жиноят натижасида давлатга етказилган зарар, давлат божлари, жиноий ва маъмурий жарималар, давлат фойдасига бошқа турдаги ундирувлар ҳамда давлат даромадига ўтказиладиган мол-мулкни сотишга оид ижро ҳужжатлари бўйича келиб тушган маблағлар алоҳида ғазначилик ҳисоб рақамида жамланади. Шунингдек, белгиланган миқдорда «темир дафтар», «аёллар дафтари» ва «ёшлар дафтари»га киритилган фуқароларни қўллаб-қувватлаш учун очилган ҳисоб рақамларига пропорционал тартибда йўналтирилади;
- ижро ҳужжатини мажбурий ижро этиш давомида қарздорнинг хатланган мол-мулки бошланғич нархдан 30 фоизлик чегирма билан, Давлат бюджетига ундиришни назарда тутувчи ижро ҳужжатлари бўйича сотилаётган мол-мулк эса ҳудудий кенгашлар қарорига мувофиқ 50 фоизгача чегирма билан нархни ошириб бориш услубида ўтказиладиган дастлабки электрон онлайн-аукционга қўйилади.
Фармонга мувофиқ, 2020 йил 1 декабрдан электр, иссиқлик энергияси, газ, водопроводдан фойдаланиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ жиноятларни аниқлаш, бартараф этиш ва уларнинг олдини олиш вазифаси Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан амалга оширилади.
Шунингдек, электр, иссиқлик энергияси, газдан фойдаланиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарликларни аниқлаш, бартараф этиш ва уларнинг олдини олиш вазифаси ички ишлар органлари томонидан амалга оширилади.
Аввалроқ Фарғона водийсидаги энергия муаммосини ўрганиш учун Сенат ишчи гуруҳи тузилгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Ўзбекистонда 1 февралдан электр энергиясини етказиб бериш фақат олдиндан тўлов асосида амалга оширилиши ҳақида хабар берилган.