Ўзбекистонда ҳафта давомида қандай об-ҳаво бўлиши маълум қилинди

Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида бугун, 22 апрель ёғингарчиликсиз об-ҳаво бўлиши кутилмоқда. Фақат Тошкент, Самарқанд, Жиззах вилоятлари ҳамда Фарғона водийсининг баъзи жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғади, момақалдироқ бўлиши мумкин

Қайд этилишича, 23 апрелда куннинг иккинчи ярмида фақат Тошкент вилоятида ва Фарғона водийси вилоятларида момақалдироқ билан қисқа муддатли ёмғир ёғиши мумкин. 24 апрелда эса Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида ёғингарчилик кутилмайди.

Шунингдек, 25—26 апрель кунлари республиканинг марказий ва шарқий ҳудудларида қисқа муддатли ёмғир ёғади, момақалдироқ бўлади. Ушбу кунларда ҳарорат фони деярли ўзгармайди. Ҳарорат асосан кечалари 13-18 даража, кундуз кунлари 24-29 даража бўлади.

22—26 апрелда тоғолди ва тоғли ҳудудларда вақти-вақти билан қисқа муддатли ёмғир ёғади, момақалдироқ бўлади. 24—25 апрелда шимолда ва чўл ҳудудларнинг баъзи жойларида шамол тезлиги 15-20 метр/секундгача кучаяди, айрим жойларда чанг-тўзон билан кузатилади.

22 апрелда ҳарорат кўтарилиши ҳисобига баланд тоғларда қор кўчиш хавфи сақланиб туради. 22—23 апрелда тоғолди ва тоғли ҳудудларда сел-сув тошқин ҳодисалари юзага келиши мумкин.

Тошкент шаҳрида ҳаво ўзгариб туради, 22—23 апрель ва 25 апрелда вақти-вақти билан қисқа муддатли ёмғир ёғади, момақалдироқ бўлиши мумкин. 24 апрелда ёғингарчилик кутилмайди. Шамол шарқдан 5-10 метр/секунд тезликда эсади. Ҳарорат асосан кечалари 14-17 даража, кундуз кунлари 23-28 даража бўлади.

Янгиликлар