Тойлоқда 33 та мактаб фаолиятини анъанавий шаклда бошлади

Самарқанд вилояти Тойлоқ туманида мактаблар қачондан очилиши маълум бўлди. Бу ҳақда Халқ депутатлари Тойлоқ туман Кенгашининг навбатдаги 12-сессиясида маълум қилинди.

Фото: Тойлоқ туман ҳокимлиги ахборот хизмати

Туман ҳокимлиги ахборот хизматининг хабар беришича, Тойлоқда 22 сентябрдан бошлаб фаолиятини бошлайдиган умумтаълим мактабларининг режа графиги иловага мувофиқ тасдиқланган. Унга кўра 22 сентябрь куни 33 та умумтаълим мактаби ўз фаолиятини бошлаши белгиланган.

Фаолиятини бошлайдиган мактабларга кириш жойи, синфхоналарда қўлни зарарсизлантириш учун мўлжалланган санитайзерлар, қўл ювиш учун зарур воситалар билан таъминланиши, ўқувчилар соғлигини сақлаш, ижтимоий масофани таъминлаш мақсадида сифдаги ўқувчи сони кўп бўлган ҳолатларда ота-оналар розилиги асосида педагог кенгаши қарори асосида вақтинча кунора ўқитишга рухсат бериш, имконият бўлганда дарсларни очиқ ҳавода ўтказиш тавсия қилинган.

Фото: Тойлоқ туман ҳокимлиги ахборот хизмати

Шунингдек, мактаблар фаолияти давомида ҳар қандай кўринишдаги оммавий тадбирлар ўтказиш тақиқланиши, мактаб ҳудудида ошхона, буфетлар ишламаслиги, аҳоли, тадбиркорлар томонидан мактабга турли егулик маҳсулотлари олиб келишга йўл қўйилмаслиги, мактабларда бир синф ўқувчилари орасида 3 нафардан кўп кишида коронавирус аниқланса, бу синф карантинга ёпилиши ҳамда улар учун дарслар анъанавий шаклдан онлайн шаклга ўтказилиши, ушбу белгиланган меъёрларга амал қилмаган раҳбар қонун доирасида қатъий жазоланиши каби бир қанча қатъий талаблар белгиланган.

Сессияда онлайн усул орқали ўқийдиган болалар ҳам уйга вазифаларини доимий тарзда ўқитувчига топшириб бориши қатъий назоратга олиниши ҳамда ўқувчиларнинг баҳолари тегишли вазирлик томонидан ишлаб чиқилган «Кundalik.com» платформаси орқали баҳолаб борилиши тавсия этилган.

Фото: Тойлоқ туман ҳокимлиги ахборот хизмати

Сессия қарорининг иловасига асосан 22 сентябрь куни 17-, 20-, 22-, 50-, 54-, 59-мактаблар; 23 сентябрдан 11-, 16-, 23-, 31-, 32-, 33-мактаблар, 24 сентябрдан 18-, 19-, 35-, 36-, 48-, 49-умумтаълим мактабларининг бошланғич синф ўқувчилари учун дастлабки дарслар анъанавий тарзда бошланади.

Аввалроқ Ўзбекистонда 14 сентябрдан анъанавий шаклда фаолиятини бошлайдиган мактаблар сони, Бухорода 14 сентябрдан 17 та мактабда, 18 сентябрдан 10 та мактабда, 21 сентябрда 33 та мактабда анъанавий таълим бошлангани маълум қилинган эди.

Янгиликлар