Булунғурда ўқитувчилардан пул йиғган ва қўпол муомала қилган мактаб директори ҳақидаги хабарга муносабат билдирилди

Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси «Ёрдам беринг, мактабимизда қулдорлик тизими ўрнатилган» номли мақолага расмий муносабат билдирди.

Фото: Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси

Қайд этилишича, 10 октябрь куни «Sputnik» нашрида «Булунғурлик ўқитувчилар фарёди» мақоласи эълон қилинган. Мақолада Булунғур туман халқ таълими бўлими тасарруфидаги 20-мактаб директорининг фаолиятидан норози бўлган бир гуруҳ ўқитувчиларнинг мактабда турли пул йиғимлари, директорнинг қўпол муносабатидан шикояти акс этган.

Мазкур ҳолатни ўрганиш мақсадида Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси ҳамда Булунғур тумани халқ таълими бўлимининг масъул ва раҳбар ходимлари 20-мактабда бўлиб, педагог ва ишчи-ходимлар жамоаси билан мақолада келтирилган важларни муҳокама қилган.

Маълумотларга кўра, муҳокама жараёнида 20-мактабнинг 24 нафар ўқитувчиси, мактаб директори ўринбосарлари ҳамда 2 нафар техник ходим иштирок этган. Мактаб директори Г.Ч. айни пайтда бетоблиги — меҳнатга лаёқатсизлик таътилида бўлганлиги сабабли иштирок этмаган.

«Педагог жамоа ўзаро келишиб, таълим муассасасини янада такомиллаштириш, ўқувчи ҳамда ўқитувчилар учун қўшимча шароит яратиш мақсадида директор жамғармаси ҳисобидан ажратилаётган мукофот пулларининг маълум қисмини ушбу хайрли мақсадларга сарфлашни режалаштирган. Ушбу ишга ўқувчиларнинг ота-оналари ҳам жалб қилинган. Йиғилган пуллар айни пайтда мактабда математика фанидан дарс бериб келаётган Л.М. қўлида жамланган. Унинг қайд этишича, йиғилган маблағлар ҳисобидан янги бинодаги барча аудиториялар, заллардаги дераза ва эшик ромларига пардалар харид қилиниб ўрнатилган. Мактаб ҳовлисига гуллар ўтқазилган. Шунингдек, янги бинога кириш қисми, синфхоналар ва залдаги барча кўргазмали воситалар ҳам ана шу ҳомийлик ҳамда ўқитувчиларнинг ўз хоҳишларига кўра мукофот пулларидан ажратилган маблағлар ҳисобидан амалга оширилган», — дейилади Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси муносабатида.

Шунингдек, ўқитувчилар ёки ота-оналарнинг ўз хоҳиш-истагига кўра Л.М.га топширган пулларининг аниқ ҳисоб-китоби, сарф-ҳаражатлари бўйича педагогик жамоага ҳисобот берилмагани мактаб директоридан норозиликларни келтириб чиқара бошлагани ҳам таъкидланган.

Муносабада, шунингдек, 2019 ҳамда 2020 йилнинг март ойига қадар мактаб ўқитувчиларига директор жамғармаси ҳисобидан ажратилган маблағлар махсус комиссия қарори билан берилгани, тегишли ҳужжатлар кўздан кечирилганда бу ўз исботини топгани билдирилган. Аммо ушбу жараёнда мактабда узоқ йиллардан буён ўқувчиларга сабоқ бериб келаётган ҳамда юқори малака ва тажрибага эга бўлган, ўқувчилари қатор кўрик-танловларда фахрли ўринларни эгаллаган айрим ўқитувчиларни моддий ва маъанавий рағбатлантириш мактаб директори Г.Ч. ҳамда махсус комиссиянинг эътиборидан четда қолган.

Мактаб директори Г.Ч.нинг айрим ўқитувчи ҳамда ўқувчилар, техник ходимларга нисбатан қўпол муносабатда бўлганлиги туфайли ўқувчилар ҳамда уларнинг ота-оналаридан, педагогик жамоадан узр сўраганлигини муҳокама жараёнида ўқитувчи ҳамда синф раҳбарлари алоҳида қайд этилган.

«Мактаб директори томонидан ўқитувчиларни ишга жойлаштириш ва гуруҳ очиб бериш мақсадида пул талаб қилинганлиги ҳолатлари ўз тасдиғини топмади. Мактаб директори Г.Ч. таътилдан сўнг ўз фаолиятини бошлагач, йўл қўйган камчиликлари қайта кўриб чиқилади», — дейилади Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси муносабатида.

Маълумот ўрнида, 20-умумий ўрта таълим мактабида 39 нафар ўқитувчи 349 нафар ўқувчига таълим беради. 2019 йилда инвестиция дастури асосида мактаб учун қўшимча янги бино қурилиб, фойдаланишга топширилган.

Аввалроқ Ўзбекистонда ўқувчилардан хоналарни тозалаш учун нега пул йиғилаётгани маълум қилингани, Избосканда ўқувчилар маҳалла фуқаролар йиғинининг совуқ ва зах хоналарида таълим олаётгани рад этилгани ҳақида хабар қилинганди.

Янгиликлар