Оқдарёда 2021 йилнинг май ойига қадар захира қилинадиган озиқ-овқатлар ҳажми маълум қилинди

Самарқанд вилояти Оқдарё туманида 22 октябрь куни ўтказилган Халқ депутатлари туман кенгашининг навбатдаги XVI сессиясида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва ички бозорда нарх-наво барқарорлигини сақлаш чора-тадбирлари тўғрисидаги масала кўриб чиқилди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Фото: Оқдарё туман ҳокимлиги матбуот хизмати

Хабарга кўра, Сессияда бу борада амалга оширилаётган ишлар, шунингдек, бажариладиган вазифалар юзасидан туман ҳокими Нажмиддин Сулаймонов ва сектор раҳбарларининг ахбороти эшитилган. Шунингдек, сессияда Олий Мажлис Сенатининг Мудофа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси аъзоси, секторлар раҳбарлари, тегишли корхона ва ташкилотлар, сиёсий партиялар, туман кенгаши депутатлари ҳамда ОAВ, журналист ва блогерлар қатнашган.

Фото: Оқдарё туман ҳокимлиги матбуот хизмати

Қайд этилишича, туманда 2021 йил май ойига қадар аҳоли эҳтиёжи учун асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари захирасини яратиш ва ойма-ой бозорга чиқариш юзасидан туман ҳокимининг 17 октябрдаги қарори қабул қилиниб, бу ишларни молиялаштириш учун озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш жамғармаси ташкил этилган.

Фото: Оқдарё туман ҳокимлиги матбуот хизмати

Шунингдек, тасдиқланган меъёрлар асосида туманнинг 159 минг аҳолиси эхтиёжларидан келиб чиқиб, 2021 йил май ойига қадар талаб этиладиган асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари миқдори ҳамда аҳолига ойма-ой етказиб бериладиган асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари миқдори секторлар кесимида тасдиқланган.

Фото: Оқдарё туман ҳокимлиги матбуот хизмати

Маълум қилинишича, аҳоли эҳтиёжи учун 2021 йил май ойига қадар секторлар кесимида 19 минг 663 тонна озиқ-овқат маҳсулотлари захирасини яратиш бўйича аниқ ҳисоб китоблар амалга оширилган. Жумладан, гўшт (3380 тонна), картошка (4126 тонна), пиёз (1587 тонна), сабзи (2063 тонна), гуруч (778 тонна), ун (6134 тонна), ўсимлик ёғи (722 тонна), шакар (873 тонна), тухум 17 миллион 140 минг дона талаб этилиши ҳисоб китоб қилинган.

Таъкидланишича, Оқдарё тумани қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва қайта ишлашга ихтисослашган бўлиб, аҳолининг энг юқори истеъмол талаби юқори бўлган 9 турдаги маҳсулотларнинг 7 таси тўлиқ ички имкониятлар ҳисобидан қопланади.

Фото: Оқдарё туман ҳокимлиги матбуот хизмати

Aввалроқ Ўзбекистоннинг ҳар бир ҳудудида озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича жамғармалар ташкил этилиши ҳамда Ўзбекистонда айрим озиқ-овқат маҳсулотларини олиб кириш ва сотиш қўшимча қўшилган солиқдан озод қилиниши мумкинлиги хабар қилинганди.

Шунингдек, Бухорода 2020/2021 йилги қиш-баҳор мавсуми учун захира қилинадиган маҳсулотлар ҳажми маълум бўлган.

Янгиликлар