Жалақудуқда фуқаролиги бўлмаган 4 кишига паспорт берилди

Жалақудуқ туманида Aндижон вилояти ИИБ бошлиғининг ўринбосари, кадрлар бошқармаси бошлиғи полковник Aбдувоҳид Мадаминович иштирокида ёшлар билан учрашув ҳамда сайёр қабул ўтказилди. Унда фуқаролиги бўлмаган 4 нафар шахсга паспорт топширилди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабар қилди.

Хабарга кўра, учрашув Жалақудуқ тумани Ойим қишлоғи Ўзбекистон маҳалла фуқаролар йиғинида ўтказилиб, унда сектор раҳбарлари, туман ҳокимининг ўринбосарлари ва мутасадди ташкилот раҳбарлари иштирок этган. Маълум қилинишича, дастлаб, 11-синф битирувчилари бандлигини таъминлаш учун ажратилган кредит маблағларининг сертификатлари топширилиб, танланган йўналишлари бўйича дастгоҳлар етказиб берилган.

Бундан ташқари фуқаролиги бўлмаган 4 нафар шахсга фуқаролик паспортлари топширилган. Икки нафар фуқарога кўп қаватли уйлардан олишлари учун 25 миллион сўмлик олдиндан тўлови учун сертификат топширилган. Қайд этилишича, ушбу маҳаллада истиқомат қилувчи ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларга иқтисодий кўмак берилган. Учрашув давомида сайёр қабул ташкил қилиниб, аҳолининг муаммо ва таклифлари тингланган.

Аввалроқ Бешариқда прокурор ўтказган сайёр қабулда 3 кишининг мурожаати ҳал этилгани, Бухорода вазирликлар ва маҳаллий ҳокимларнинг оммавий сайёр қабулида 1,5 мингдан ортиқ мурожаат ўрганилгани хабар қилинган эди.

Янгиликлар