Ўзбекистонда март–октябрь ойларида таъмирланган газ тақсимлаш пунктлари сони маълум бўлди

Ўзбекистонда март–октябрь ойларида 623 та газни тақсимлаш пункти таъмирлангани маълум бўлди. Бу ҳақда «Ҳудудгазтаъминот» акциядорлик жамияти хабар берди.

Фото: «news.muz»

Таъкидланишича, «Ҳудудгазтаъминот» АЖ Ўзбекистонда куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари 2020 йилнинг март ойидан бошланиб, октябрь ойига қадар тўлиқ якунланганини маълум қилди. Ушбу давр мобайнида 6949 километр узунликдаги газ қувурларининг ички юзасини тозалаш ва сизиб чиқиш йўқлигини текшириш бўйича ишлар олиб борилган. Шунингдек, 123,5 километр газ тақсимлаш тармоқлари ва 623 та газни тақсимлаш пункти (ГРП) таъмирланиб, 80 359 таси тўлиқ тафтишдан ўтказилди.

Суюлтирилган газ билан таъминлаш инфратузилмасини такомиллаштириш ва жиҳозлаш, хизмат кўрсатишда олис ҳудудлар қамровини кенгайтириш, транспорт харажатлари ва етказиб беришга сарфланувчи вақтни камайтириш бўйича қатор ишлар амалга оширилган. Бундан ташқари, соҳада хизмат кўрсатиш сифатини ошириш мақсадида Фарғона вилоятининг «Сўх», Навоий вилоятининг «Учқудуқ» ва Самарқанд вилоятининг «Қўшрабод» газ қуйиш шохобчалари ва пунктларининг ишга туширилиши натижасида уларнинг сони 46 тадан 50 тага етказилган.

Суюлтирилган газни ишлаб чиқарувчи заводлардан ташиб келтириш учун 23 та темир йўл вагони сотиб олинган. Қўшимча 36 минг дона маиший газ баллони фойдаланиш учун тарқатилди. Бу эса 2020 йилнинг ўтган даври мобайнида мамлакат аҳолисини 451,9 минг тоннадан ортиқ миқдорда суюлтирилган газ билан таъминлади. Бу кўрсаткич 2019 йилнинг шу даврига нисбатан 40 минг тоннага кўп.

Қиш кунларда истеъмолчиларнинг эҳтиёжини қондириш учун суюлтирилган газнинг кунлик етказиб бериш миқдори 1400 тоннадан 1920 тоннага оширилди (26 минг маиший газ баллони қўшимча равишда тўлдирилди).

«Ҳудудгазтаъминот» АЖ марказий диспетчерлик бошқармаси маълумотларига кўра, газ тақсимлаш тармоқлари объектлари ва асосий ускуналари ҳолати, суюлтирилган газни ташиш ва етказиб бериш, шунингдек, 3,7 миллиондан зиёд табиий ва 3,6 миллионга яқин суюлтирилган газ истеъмолчиларининг кундалик истеъмоли ҳажмини тизимли кузатиш ҳамда назорат қилиш йўлга қўйилган.

Аввалроқ Намангандаги ИЭСда юз берган фавқулодда ўчиш туфайли вилоятнинг катта ҳудуди электрсиз қолгани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар