Ўзбекистонда ички туризм оқимидан тушадиган даромадни соҳани ривожлантиришга йўналтириш таклиф қилинди

Ёш тадқиқотчилар томонидан Ўзбекистонда ички туризм сайёҳлари оқимидан тушадиган даромаднинг бир қисмини ички туризм тарғибот тадбирларига ҳамда Туризмни ривожлантириш жамғармасини тўлдиришга йўналтириш борасида таклифлар илгари сурилмоқда.

Фото: «Uzbektourism.uz»

Хусусан, Самарқанд давлат университетининг Рақамли иқтисодиёт кафедраси ассистенти Амриддин Ҳамдамов ўзининг Facebook ижтимоий тармоғидаги саҳифасида шу мазмундаги хабарини ёзиб қолдирган.

Пост эгасининг сўзларига кўра, Бутунжаҳон сайёҳлик кенгашининг Британия институти томонидан дунё ҳамжамиятида туризм соҳаси фақатгина 2024 йилга келиб тўлиқ тикланиши башорат қилинган.

Айни пайтда эса маҳаллий аҳолини махсус сайёҳлик хизматлари билан таъминлаш баробарида, пандемия шароитда улар учун аввало, хавфсиз туризм хизматларини йўлга қўйиш ҳамда улар орасида саёҳат маданиятини шакллантириш муҳим омил эканлигига урғу берилган. Муаллиф хабари якунида кенг жамоатчиликнинг бу борада қандай фикр эканлигига қизиқиб, изоҳ ёзиб қолдиришни сўраган.

Аввалроқ Навоийда ички туризмни ривожлантиришга йўналтирилган меморандумлар имзолангани ҳақида хабар берилганди. Меморандумга кўра, ҳужжат имзоланган вилоятлар ўртасида «Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил» дастури доирасида ўзаро саёҳатлар ташкил қилиш шунингдек, ҳудудларнинг туристик салоҳиятини маҳаллий оммавий ахборот воситаларида ҳамда ижтимоий тармоқларда кенг тарғиб қилиш кўзда тутилган.

Янгиликлар