Ёзёвонда «MAN Trailer» ва «Nexia-2» ўртасида ЙТҲ содир бўлди: вафот этганлар бор – фото

Ёзёвон туманида «MAN Trailer» ҳайдовчиси ухлаб қолиши оқибатида ЙТҲ содир бўлди. Бу ҳақда ИИВ хабар берди.

Маълум бўлишича, 21 февраль куни соат 06:40 да фуқаро С.А. Янгибўстон маҳалласи ҳудудида «MAN Trailer» русумли автомашинасини бошқариб кетаётиб, ухлаб қолган.

Натижада рул бошқарувини йўқотиб, автомашинани чап томонга буриб юбориши туфайли ўзи билан бир йўналишда орқа томонида ҳаракатланиб келаётган, У.И. бошқарувидаги «Nexia-2» русумли, автомашинасининг йўлига кўндаланг туриб, тўқнашиб кетган. Оқибатда «Nexia-2» автомашинасидаги йўловчилар Қ.М. ва вояга етмаган К.А. тан жароҳати олиб, ҳодиса жойида вафот этган.

Бундан ташқари «Nexia-2» автомашинаси йўловчиси Т.М. тан жароҳати олиб, шифохонага ётқизилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Ёзёвон тумани ИИБ ТБ томонидан ЖКнинг 266-моддаси 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари давом этмоқда.