Ўзбекистонда IT-хизматлар инфратузилмаси ва экспорти қандай ривожлантирилиши маълум бўлди

Куни-кеча (22-февраль) президент Шавкат Мирзиёев IT-хизматлар инфратузилмаси ва экспортини ривожлантириш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишди.

Аниқлик киритилишича, ҳозирги кунда IT-парк резидентлари сони 1 минг 700 тага етиб, уларда 26 минг нафар ходим фаолият кўрсатмоқда. “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида резидентлар сонини 10 баробар ошириб, улардаги иш ўринларини 100 мингтага етказиш, соҳада экспорт ҳажмини $5 млрд.га олиб чиқиш белгиланган.

«Шу мақсадда, ҳудудларга IT-экспортчи ташкилотларни кенг жалб қилишга қаратилган “Zero Risk” дастурини қўллаш таклиф этилмоқда. Бу дастурда иштирок этувчи корхоналарга IT-парк тавсияномаси асосида бўш турган давлат бинолари 1 йилгача муддатга текин фойдаланишга берилади. Бу муддат тугагач, тўғридан-тўғри шартнома тузилади. IT-парк томонидан техника ва жиҳозлар 1 йилгача муддатга текин фойдаланишга берилади», – дейилмоқда хабарда.

Бундан ташқари, дастур бўйича корхоналарга ходимларни ишга олиш ва малакасини ошириш, шунингдек харажатлари 50%гача қоплаб берилади.

Шунингдек, маҳаллий IT-компанияларни халқаро миқёсга олиб чиқиш бўйича “Local to Global” лойиҳаси амалга оширилади. Унинг доирасида маҳаллий IT-компанияларнинг жаҳон бозорига чиқиши, халқаро кўргазмаларда қатнашиши, хорижий экспертларни таклиф этишида харажатларнинг 50%гача қисми қоплаб берилади.

Тақдимотда “рақамли инклюзивлик” лойиҳасини амалга ошириш бўйича ҳам ахборот берилди. Ёшлар, аёллар ва ногиронлиги бўлган шахсларда IT-хизматлар кўрсатиш кўникмалари шакллантирилади. 9 мингта иш ўрни яратилиши, 5 мингга яқин аёллар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг бандлиги таъминланиши мўлжалланган.

«“Рақамли инклюзивлик” лойиҳаси натижасида 25 минг нафар шахсни иш билан таъминлаш ҳисоб-китоб қилинмоқда», – дейилган хабар матнида.

Янгиликлар