Навоийдаги мактаблардан бирида дарслар тўхтатилиб, ўқувчиларни мажбуран сочи олинди

Ижтимоий тармоқларда Навоийдаги мактабда мактаб ўқувчилари дарс пайтида спорт залга йиғилиб, сочи олингани айтилган хабар тарқалди. Ушбу ҳолат юзасидан Болалар омбудсмани муносабат билдирди.

«Мактаб маъмурияти томонидан бундай ҳаракатларга мутлақо йўл қўйиб бўлмайди. Биринчи навбатда, бу умумий ўрта таълим муассасаларининг одоб-аҳлоқ қоидаларига зид. Муҳими эса, бу боланинг Конституцияда кафолатланган шахсий дахлсизлик ҳуқуқи ҳамда унинг шаъни ва қадр-қиммати ҳурмат қилиниши ҳуқуқига таҳдид солади», — дейилади хабарда.

Унга кўра, мазкур ҳаракатга йўл қўйган масъулларга нисбатан тегишли чора кўрилиши зарурлиги маълум қилинди.

Ҳозирда бу каби номақбул ҳолатларнинг бошқа таълим муассасаларида ҳам юзага келмаслиги бўйича чоралар кўрилмоқда.

Мактаб вазирлиги ҳам ҳолат ўрганилаётганини ва бу оқлаб бўлмас ҳолат эканини билдирди.

Янгиликлар