ДХХ давлат чегараси орқали Тожикистон ва Қирғизистондан ўтказилган гиёҳвандлик воситаларини тўхтатиб қолди

Гиёҳвандлик воситаларининг контрабандасига қарши курашиш доирасида ДХХ Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари томонидан олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида бир нечта ноқонуний ҳолатларга чек қўйилди.

Қайд этилишича, ўзбек—тожик давлат чегарасининг Самарқанд вилояти Ургут тумани “Чеп” қишлоғи ҳудудидан ўтган қисмида номаълум шахслар томонидан Тожикистондан олиб келиниб, қолдириб кетилган 980 грамм героин моддаси борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинган. Ҳозирда ушбу гиёҳвандлик воситаси эгаларининг шахсига аниқлик киритиш бўйича зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Андижон вилоятида кузатилган ҳолатда, Қўрғонтепа туманининг Қорасув шаҳрида яшовчи, муқаддам судланган 28 ёшли шахс таркибида “Прегабалин” кучли таъсир қилувчи моддаси бўлган 30 минг дона “Nervegesic” номли дори воситасини Қирғизистондан давлат чегараси орқали ноқонуний равишда ўтказган вақтида ушланган.

Бундай қонунбузилиши Наманган вилоятида ҳам қайд этилиб, унда 3121 дона “Тропикамид” кучли таъсир қилувчи дори воситаларини Қирғизистондан контрабанда йўли билан Косонсой тумани ҳудудига ўтказган вақтида 1992 ва 1993 йилларда туғилган икки нафар маҳаллий фуқаро ашёвий далиллар билан қўлга олинган. Шунингдек, уларнинг 36 ва 31 ёшли икки нафар жиноий шериклари ҳам процессуал тартибда ушланган.

Ҳозирда учала ҳолат юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, қонунбузарларга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.

Янгиликлар