Ўзбекистонда 30 йилдан ошган автомобиллар учун экокомпенсация жорий этилиши мумкин
Мамлакатда фойдаланиш муддати тугаган машиналарни утилизация қилиш тизимини жорий этиш таклиф қилинди

Ўзбекистонда муддати ўтган автомобилларни утилизация қилиш ва уларнинг компонентларини қайта ишлаш тизимини жорий этиш таклиф қилинди. Бу ҳақда экология қўмитаси қарор лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига қўйди.
Ҳужжат тегишли тизимни босқичма-босқич жорий этишни назарда тутади:
• 2026 йилдан бошлаб — M1 тоифасидаги транспорт воситалари (енгил автомобиллар) учун;
• 2027 йилдан бошлаб — M2, M3, N1, N2 ва N3 тоифаларидаги микроавтобуслар, автобуслар ва юк машиналари учун;
• 2030 йилдан бошлаб — ғилдиракли транспорт воситаларининг барча турлари учун.
Ҳужжатда автотранспорт савдоси билан шуғулланувчи юридик шахслар томонидан қабул қилиниши мумкин бўлган электрон ваучерларни бериш имконияти кўзда тутилган. Сотувчи ваучерда кўрсатилган сумма миқдорида чегирма тақдим этиши шарт бўлади. Қолган қисмини эса бир йилдан ортиқ муддатга бўлиб-бўлиб тўлаш (муддатли тўлов) асосида тўлаш мумкин бўлади.
Шунингдек, утилизация йиғими ҳисобидан баҳоловчилар ва операторларга «яшил» субсидиялар ажратилиши кўзда тутилган. Улар эски транспорт воситаларини баҳолаш, утилизация қилиш ва қайта ишлаш бўйича фаолият натижаларига асосан ажратилади. Баҳоловчилар ва операторлар тендерлар орқали аниқланади.
Лойиҳага кўра, 2027 йил 1 январдан бошлаб ишлаб чиқарилганига 30 ва ундан ортиқ йил бўлган автомобиллар эгалари йилига бир марта 30 БҲМ (базавий ҳисоблаш миқдори) миқдорида экокомпенсация тўлашлари керак бўлади.
Шу билан бирга, «зарарли» эко-тоифага киритилган машиналардан фойдаланишни ва уларни қайта рўйхатдан ўтказишни тақиқлаш режалаштирилмоқда. Бундай автомобиллар давлат рўйхатидан чиқарилади (антиквар автомототранспорт воситалари бундан мустасно).




