Гулистонда $50 минг эвазига ер олиб беришни ваъда қилган ҳокимлик ходими ушланди
Ҳокимликнинг масъул ходимига нисбатан жиноят иши қўзғатилди

Сирдарё вилояти Гулистон шаҳри ҳокимлиги ходими коррупцияда гумонланиб қўлга олинди.Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Жумладан, ҳокимликнинг масъул ходими хизмат мавқеидан фойдаланиб, тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлган фуқаронинг ишончига кирган.
У шаҳарнинг Ўзбекистон шоҳ кўчасида жойлашган ва давлат захирасида бўлган 2 сотих ер майдонини озиқ-овқат дўкони ташкил этиш учун мансабдор танишлари орқали олиб бериш эвазига 50 минг АҚШ доллари талаб қилган.
Дастлаб масъул ходим 50 минг доллар ҳисобидан фуқаронинг lacetti автомашинасини 12 минг АҚШ долларига баҳолаб, бошқариш ҳуқуқини берувчи ишончнома расмийлаштирган ҳолда олиб қолган.
Ўтказилган тезкор тадбирда ҳокимият вакили талаб қилинган пул маблағи ҳисобидан 8 минг АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Ҳозирда унга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланилди. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.




