Шавкат Мирзиёев янги тайинланган хорижий элчилардан ишонч ёрлиқларини қабул қилди

Янги тайинланган элчилар томонидан ишонч ёрлиқларини топширишга бағишланган тантанали маросим ўтказилди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев фавқулодда ва мухтор элчилар – Италия Республикасидан Гуидо де Санктис, Фаластин Давлатидан Ваилл Баттрехи, Саудия Арабистони Подшоҳлигидан Саад Абу Хаймид, Кувайт Давлатидан Турки Ал-Мекрад, Жазоир Халқ Демократик Республикасидан Жамила Ашур, Малайзиядан Рафеда бинти Абдул Азиз, Покистон Ислом Республикасидан Муҳаммад Мудассир Типу, Озарбайжон Республикасидан Рашад Мамедов ва Қозоғистон Республикасидан Ерали Тугжановларнинг ишонч ёрлиқларини қабул қилиб олди.

Давлат раҳбари дипломатик ваколатхоналар раҳбарларини Янги Ўзбекистондаги шарафли миссияси бошлангани билан чин қалбдан самимий табриклади.

Дунёда турли геосиёсий зиддиятлар тобора авж олаётган ҳозирги мураккаб даврда дипломатларнинг масъулиятли фаолияти ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этиши таъкидланди. Президент ҳар бир элчига мурожаат қилиб, улар вакиллик қилаётган давлатлар билан ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича вазифаларга алоҳида тўхталиб ўтди.

Италия катта сиёсий ва иқтисодий салоҳиятга эга муҳим шерик экани таъкидланиб, «яшил» энергетика, металлургия, кимё, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, фармацевтика, таълим ва туризм соҳаларидаги лойиҳалар амалга оширилаётгани, Тошкент шаҳрида Турин политехника ва Пиза университетлари филиаллари самарали фаолият юритаётгани қайд этилди.

Ўзбекистон етакчиси Ломбардия ва Тоскана ҳудудлари билан ҳамкорлик алоқалари, хусусан, тиббиёт ходимларини тайёрлаш бўйича қўшма ташаббусларни қўллаб-қувватлашини билдирди.

Саудия Арабистони билан ҳамкорлик бошқалар учун намуна бўлмоқда. Давлат раҳбари 25 миллиард долларлик лойиҳалар портфели шакллангани, Саудия тараққиёт жамғармаси ислоҳотларимизга фаол кўмак кўрсатаётганини алоҳида эътироф қилди.

Қолаверса, тиббиёт, фармацевтика ва «яшил» энергетика соҳаларида катта салоҳият мавжудлиги қайд этилди. Шунингдек, фуқароларимизга Ҳаж ва Умра зиёратлари учун яратилаётган шароитлар юқори баҳоланди.

Кувайт билан савдо-иқтисодиёт, инвестиция, инфратузилма, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларида алоқаларни янги босқичга кўтариш, Кувайт инвестиция агентлиги билан нефть-кимё тармоғида ва давлат-хусусий шериклик асосида лойиҳаларни амалга ошириш учун кенг имкониятлар борлиги таъкидланди.

Олий даражада эришилган келишувларнинг тўлиқ ижро этилиши халқларимиз манфаатларига бирдек хизмат қилиши билдирилди. Жазоир билан сўнгги йилларда юқори даражадаги мулоқотларимиз фаоллашгани эътироф қилинди.

Малайзия билан муносабатларимиз сўнгги йилларда барча йўналишларда изчил ривожланиб бораётгани таъкидланди.

Озарбайжон билан муносабатлар икки давлат етакчиларининг қатъий сиёсий иродаси туфайли стратегик шериклик ва иттифоқчилик даражасига кўтарилгани билдирилди.

Маросим якунида давлат раҳбари янги тайинланган элчиларга шарафли ва масъулиятли дипломатик фаолиятларига улкан зафарлар тилади.

Ўз навбатида, дипломатлар самимий қабул ва яратилган имкониятлар учун чуқур миннатдорлик изҳор этиб, Ўзбекистон билан кўп қиррали ҳамкорликни фаол илгари суриш йўлида бор имкониятларини ишга солишларини таъкидлади.

Ўзбекистон