Ўзбекистонда давлат органлари ходимларининг формасига тақлид учун жарималар берилиши мумкин

Ҳужжатда давлат органларининг тасдиқланган ҳарбий ёки идоравий формали кийими билан адаштириб юборадиган даражада ўхшаш бўлган формали кийимларни жорий этиш ёки улардан фойдаланганлик учун маъмурий жавобгарликни белгилаш таклиф этилмоқда

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари давлат тузилмалари ходимларининг формали кийимидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларининг олдини олишга қаратилган қонун лойиҳасини биринчи ўқишда маъқулладилар. Бу ҳақда парламент қуйи палатаси матбуот хизмати хабар бермоқда.

Давлат органлари, вазирлик ва идоралар ходимлари учун жорий этилган формали кийим-бош муайян давлат органи вакили эканлигини англатади, фуқароларда ишонч уйғотади ҳамда уни кийиб юрган шахсга қонун билан белгиланган ваколат ва масъулият юкланганини билдиради. Шу боис бундай формали кийим-бош давлат хизматининг муҳим тимсолларидан бири ҳисобланади, — дейилади хабарда.

Қайд этилишича, кейинги йилларда айрим ташкилотлар, идоралар, ҳатто айрим фуқаролар томонидан белгиланган тартибда тасдиқланган формали кийим-бошга адаштириб юбориш даражасида ўхшаш кийим-бошлардан фойдаланиш ёки айрим ташкилотлар томонидан ўз ходимлари учун шундай кийим-бошларни жорий этиш ҳолатлари кузатилмоқда.

Бу эса фуқароларни чалғитиши, давлат органлари обрўсига салбий таъсир кўрсатиши ҳамда айрим шахсларга ўзини давлат органи ходими сифатида кўрсатиб, одамлар ишончини суиистеъмол қилиш имкониятини яратиши мумкин. Натижада ҳақиқий давлат хизматчисини бошқа шахсдан ажратиш қийинлашади.

Шу муносабат билан қонун лойиҳаси орқали Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига давлат органларининг тасдиқланган ҳарбий ёки идоравий формали кийим-бошига адаштириб юбориш даражасида ўхшаш ҳамда унга хос фарқловчи белгилар ва (ёки) рамзларга эга формали кийим-бошни жорий этганлик ёки ундан фойдаланганлик учун маъмурий жавобгарлик белгилаш таклиф этилмоқда.

Белгиланаётган нормалар, энг аввало, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилишга, давлат органларига бўлган ишончни мустаҳкамлашга, давлат хизмати обрўсини ҳимоя қилишга ҳамда формали кийим-бошлардан ноқонуний ва ғаразли мақсадларда фойдаланишнинг олдини олишга қаратилган, — деб таъкидланди.

Қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди.

Ўзбекистон