Ўзбекистонда қўпол қоидабузарликлар учун автомобилларни мусодара қилиш таклиф этилди

Шунингдек, автомобилни вояга етмаганларга бошқариш учун бериш, ноқонуний пойгаларни ташкил этиш ва уларда иштирок этиш учун алоҳида маъмурий жавобгарлик жорий этиш режалаштирилмоқда

Ўзбекистонда қўпол қоидабузарликлар учун автомобилларни мусодара қилиш таклиф этилди. Бу ҳақда Ўзбекистон ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бошлиғи Шерзод Ибрагимов маълум қилди.

Шерзод Ибрагимовнинг маълум қилишича, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш мақсадида идоралараро ишчи гуруҳ томонидан Йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик чораларини кучайтиришга қаратилган таклифлар ишлаб чиқилган. Мазкур таклифлар Президент Шавкат Мирзиёевга тақдим этилган.

Ҳозирги вақтда фуқароларнинг транспорт воситаларини вояга етмаган болаларга бошқариш учун бериши ўлим ва тан жароҳатлари билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисалари сонининг ортишига сабаб бўлмоқда. Шунингдек, йўлларда, айниқса аҳоли пунктларида, йўл ҳаракати хавфсизлигига жиддий таҳдид солувчи ноқонуний пойгалар ташкил этилмоқда, — деди Ибрагимов.

Шу муносабат билан Йўл ҳаракати қоидаларининг 5 турдаги қўпол қоидабузарликлари учун маъмурий жазолар қаторига автотранспорт воситасини вақтинча олиб қўйиш чорасини киритиш таклиф этилди.

Шунингдек, автомобилни вояга етмаган шахсга бошқариш учун бериш, ноқонуний пойгаларни ташкил этиш ва уларда иштирок этиш учун алоҳида маъмурий жавобгарлик белгилаш таклиф этилди.

Ўзбекистон