Наманганда салкам 11 минг доллар қалбаки пулни муомалага чиқармоқчи бўлганлар ушланди

Давлат хавфсизлик хизмати Наманган шаҳрида 10 600 доллар миқдоридаги қалбаки чет эл валютасини олиб юрган фуқарони қўлга олди.

Маълум қилинишича, ДХХнинг Наманган вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан вилоят Божхона бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда Наманган шаҳрида тезкор тадбир ўтказилган.

Унда Учқўрғон туманида яшовчи, 1986 йилда туғилган, муқаддам Жиноят кодексининг 273-моддаси (Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек, уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) билан судланган фуқаро Т.Ш. шахсий тинтувдан ўтказилган. Унинг ёнида 10 600 доллар миқдоридаги қалбаки чет эл валютаси борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.

Терговга қадар текширув давомида у қалбаки хорижий валюталарни Янгиқўрғон туманида яшовчи, 1986 йилда туғилган М.Б.дан олгани маълум бўлиб, у ҳам қўлга олинган.

Аниқланишича, Қирғизистон фуқароси бўлган «Тинар» исмли шахс томонидан айланма йўллар орқали Янгиқўрғон тумани ҳудудига ўтказилган ушбу қалбаки валюталар Тошкент шаҳрида муомалага чиқарилиши керак бўлган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан Т.Ш. ва М.Б.га нисбатан Жиноят кодексининг 176-моддаси (Қалбаки пул, акциз маркаси ёки қимматли қоғозлар ясаш, уларни ўтказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Янгиликлар