Тошкентда ДХХ томонидан 14 килограммдан ортиқ ноқонуний олиб кетилаётган олтин қуймалари мусодара қилинди

Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари Тошкент шаҳар Иқтисодий жиноятларга курашиш департаменти билан ҳамкорликда ноқонуний олтин айланмасининг олдини олиш мақсадида тезкор тадбир ўтказди.

Mълум қилинишича, Тошкент шаҳридаги «Шарқ» йўл патрул хизмати масканида 1975 йил Андижон вилоятида туғилган, муқаддам судланган А.Нуриддинов бошқарувидаги «Cobalt» русумли автомашина тўхтатилиб, текширилганда, автомашина юкхонасида қора политилен пакетларга скочлаб ўралган, жами 14 килограмм 238 грамм оғирликдаги 16 дона олтин қуймалари борлиги аниқланди.

Аниқланишича, ушбу олтин қуймаларини фуқаро Нуриддинов Тошкент вилояти Қибрай туманидаги уйида қонунга хилоф равишда қўлбола усулда тайёрлаган бўлиб, кейинчалик уларни Андижон ва Наманган вилоятларига олиб бориб, сотишни режалаштирган.

Амалдаги қонунчиликка кўра, олтинни қуйма шаклга ва юқори асиллик даражасига келтириб олди-сотди қилиш тақиқланган бўлиб, ушбу ҳаракатлар учун Жиноят Кодексида жиноий жавобгарлик назарда тутилган.

Ҳозирда мазкур ҳолат бўйича терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилиб, жиноят иши қўзғатиш масаласи кўриб чиқилмоқда. Шунингдек, ушбу олтин қуймаларнинг келиб чиқиш манбаларини аниқлаш бўйича тегишли чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ДХХ уюшган жиноий гуруҳ фаолиятига алоқадор 18 кишини қўлга олган эди. Улардан 3,2 миллиард сўмлик гиёҳванд моддалар мусодара қилинган.