Бухородаги саккизта жойлаштириш масканига салкам 632 млн сўмлик ссуда берилди

Бухоро вилоятидаги саккизта жойлаштириш масканига жами 631 миллион 770 минг сўм миқдорда ссуда берилди. Бу ҳақда вилоят Туризмни ривожлантириш департаменти ахборот хизмати маълум қилди.

Фото: Бухоро вилояти Туризмни ривожлантириш департаменти ахборот хизмати

Шавкат Мирзиёевнинг 28 майдаги «Коронавирус пандемиясининг салбий таъсирини камайтириш учун туризм соҳасини қўллаб-қувватлашга доир кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонида пандемия даврида туристик соҳада фаолият кўрсатаётган тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича бир қанча ссуда, субсидия ва грантлар кўринишидаги имтиёз ва кўмак берилиши белгиланган.

Унга кўра, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги бюджетдан ташқари Туризм соҳасини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 1 июндан 31 декабрга қадар бўлган даврда Инқирозга қарши курашиш комиссияси томонидан белгиланадиган мезонлар асосида жойлаштириш масканларига ҳар бир ётоқ ўрни учун базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари миқдорида кўмак кўрсатилиши белгиланган.

Фото: Бухоро вилояти Туризмни ривожлантириш департаменти ахборот хизмати

Хабарга кўра, тегишли қарорга кўра, Бухоро шаҳрида ҳамда Олот туманида жойлашган 8 та жойлаштириш масканига жами 631 миллион 770 минг сўм миқдорда ссуда берилган.

Қайд этилишича, ушбу тадбиркорлик субъектлари айни пандемия вазиятида 1 йил муддатдаги бир марталик, ҳеч қандай фоизсиз, мақсадли қарз маблағларини олган.

Фото: Бухоро вилояти Туризмни ривожлантириш департаменти ахборот хизмати

Эслатиб ўтамиз, туризм соҳаси вакиллари ссуда ёки субсидия олишлари учун Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасига ёзма ёки электрон тарздаги ариза ва ҳужжатлар билан мурожаат қилиши зарур.

Аввалроқ Ўзбекистон маданият, спорт ва туризм ходимлари касаба уюшмаси ташкил этилгани, Бухорода туризм соҳасида бизнес ғоя ва стартап лойиҳалар танлови эълон қилингани ва Россиянинг технологик компанияларидан бири Наманганда туризм соҳаси учун сунъий интеллект жорий этиши ҳамда Чодакда фин услубидаги кемпинг, коттеж ва ўтовлардан иборат туризм маркази ташкил этилиши ҳақида хабар берилганди.