Бухорода туризм соҳасида бизнес ғоя ва стартап лойиҳалар танлови эълон қилинди

Бухоро вилоятида туризм соҳасида стартап лойиҳалар ва инновацион бизнес ғоялар танлови эълон қилинди. Бу ҳақда вилоят Туризмни ривожлантириш департаменти ахборот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, танловда сайёҳлар учун қулайликлар яратиш, мавжуд туризм объектини қўшимча сервис хизматлари билан тўлдириш, сервисни яхшилаш ҳамда бошқа шу каби тадбирларга йўналтирилган дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологияларни назарда тутган лойиҳалар талаб этилади.

Қўшимча маълумот учун, лойиҳа ташаббускорлари технопарк дирекциясига ариза беради ва унга паспорт нусхаси ҳамда стартап лойиҳасининг тавсифи илова қилинади.

Ҳужжатлар 20 иш куни мобайнида кўриб чиқилади. Инкубация ва акселерация дастурига қабул қилиш тўғрисидаги қарор технопаркнинг Маслаҳат кенгаши томонидан қабул қилинади. Aкселерация дастурлари натижаларига кўра маҳсулот (хизмат)ларнинг намойиш кунлари ўтказилади, унинг натижаларига биноан молиялаштириш учун буюртма тайёрланади ҳамда Aхборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг эксперт комиссиясига юборилади.

Эслатиб ўтамиз, лойиҳада Президентнинг 2020 йил 28 майдаги «Коронавирус пандемиясининг салбий таъсирини камайтириш учун туризм соҳасини қўллаб-қувватлашга доир кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони 3-бандининг «б» қисмига асосан «Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки фаолиятини ташкил этиш тартибига мувофиқ туризм соҳасидаги ‘стартап’ лойиҳалар ва инновацион бизнес ғояларни, шу жумладан, биринчи навбатда туристлар учун қулайликлар яратишга йўналтирилган ахборот дастурлари ва хизматларини умумий 1,5 миллиард сўм миқдорида қисман субсидиялаш» белгиланган. Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 15 июлдаги 589-сонли қарори билан тасдиқланган «Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисида»ги низом билан тартибга солинади.

Аввалроқ шоир ва ёзувчилар ҳаёти ҳамда ижодини ўрганиш, уларнинг асарларини таржима қилиш каби жараёнларда энг юқори натижаларга эришган ёшлар учун «Илҳом» мукофоти таъсис этилгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Бухорода 20 августдан вилоят халқаро аэропортига энг яхши ном беришга оид танлов эълон қилинган.

Янгиликлар