Чодакда фин услубидаги кемпинг, коттеж ва ўтовлардан иборат туризм маркази ташкил этилади (фото)

Фарғона вилояти Чодак қишлоғида фин услубидаги кемпинг, коттеж ва ўтовлардан иборат замонавий туризм, дам олиш ва хизмат кўрсатиш маркази ташкил этилмоқда.

Фото: «Vodiymedia.uz»

Маълумотларга кўра, Чодак қишлоғи сой ёқасида жойлашган. Атрофи эса тоғлар билан ўралган. Шу боис ушбу қишлоқнинг туризм салоҳиятини янада ривожлантиртириш борасида ишлар амалга оширилмоқда.

Фото: «Vodiymedia.uz»

Чодаксой бўйидаги бир гектарлик майдонда «Распутин Агро Сервис» МЧЖ томонидан барпо этилаётган дам олиш масканинида маҳаллий ва хорижий сайёҳлар учун бир вақтда уч йўналишда хизмат кўрсатилади.

Фото: «Vodiymedia.uz»

Айни пайтда фин услубида қурилган, ҳар бири икки ўринли, барча қулайликлар мавжуд учта кемпинг қуриб битказилди. Бундан ташқари 7 та икки қаватли коттеж типидаги меҳмон уйлари қуриш ишлари бошланиб, пойдевор қуйилган. Шунингдек, сой бўйидаги бўш майдонга 10 та ўтов қўйиш, маҳаллий таомларни таклиф этувчи тематик ошхона қуриш ишлари бошланган.

«Барча ишларимиз замирида Чодакни ривожлантириш, туризм инфратузилмасини яхшилаш, қишлоғимиз меҳмонлари учун қулай шароитлар яратиш, шу билан бирга, аҳолини иш билан таъминлаш, эл фаровонлигига хизмат қилишдек, буюк мақсад ётибди», — дейди туризм маскани раҳбари Раҳимжон Қўлдошев.

Аввалроқ Чуст дўпписи ва Чуст пичоғи халқаро музейлари қаторида Чуст ош маркази ташкил этилиши ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар