Ўзбекистон маданият, спорт ва туризм ходимлари касаба уюшмаси ташкил этилди

Ўзбекистон таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмасидан ажратиб чиқарилган ҳолда маданият, спорт ва туризм ходимлари касаба уюшмаси ташкил этилди. Бу ҳақда бош вазир ўринбосари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов 26 август куни бўлиб ўтган «Ўзбекистон таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси V Қурултойи» доирасида шу ҳақида маълум қилди.

Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси

«Ўзбекистон таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмасидан ажратиб чиқариш йўли билан Ўзбекистон маданият, спорт ва туризм ходимлари касаба уюшмасини ташкил этиш тўғрисидаги қарорга келиниши тобора сафи кенгайиб бораётган ушбу соҳалардаги меҳнат муносабатларидаги низоларнинг барвақт олдини олиш ва ходимларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишдаги муҳим қадам ҳисобланади», — деди бош вазир ўринбосари.

Шу билан бирга, Президент топшириғига мувофиқ туризм, маданият ва спорт соҳаларидаги ислоҳотларнинг самарадорлигини ошириш ҳамда ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида бош вазир ўринбосари раҳбарлигида Туризм, маданият ва спорт масалалари бўйича қўшма ҳайъати ташкил этилгани қўшимча қилинди.

Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси

Қурултойда маълум қилинишича, тизимда мавжуд сиҳатгоҳларни қайта таъмирлаш ва янгиларини барпо этиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилган, меҳнат жамоаларининг сифатли дам олиши ва уларнинг фарзандларига қулайлик яратиш мақсадида тизимда қатор туристик компаниялар ташкил этилган, Тошкент, Самарқанд, Урганч ва Хива шаҳарларида меҳмонхона ва болалар оромгоҳлари барпо этилиб, бугунги кунда фойдаланиб келинмоқда.

Аввалроқ Бўстонлиқда туризмни ривожлантириш учун алоҳида маъмурий бошқарув тизими жорий қилиниши, Россиянинг технологик компанияларидан бири Наманганда туризм соҳаси учун сунъий интеллект жорий этиши, Бухоро чўлида инновацион туризм маркази очилиши ҳақида хабар берилган эди.

Янгиликлар