Ўзбекистонда Марказий Осиё институти ташкил этилди

Шавкат Мирзиёевнинг алоҳида қарори билан 2020 йил августда Марказий Осиё халқаро институти ташкил этилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати «Tez News»га хабар қилди.

Хабарда 2017 йил БМТ Бош Ассамблеясида Ўзбекистон Президенти Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг илк маслаҳат учрашувини ташкил этиш бўйича таклиф киритгани таъкидланган. Ушбу мулоқот форматининг иккинчи йиғилиши Тошкентда ўтказилган.

«Айтиш жоизки, ўтган тўрт йилда Ўзбекистоннинг минтақадаги барча давлатлар билан алоқалари том маънода стратегик шериклик босқичига кўтарилди, олий даража ишончли ва очиқ сиёсий мулоқотлар йўлга қўйилди. Минтақадаги мамлакатлар ўртасидаги икки ва кўптомонлама шериклик алоқалари, савдо-иқтисодий, сармоявий, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар ва бошқа йўналишлардаги муносабатлар изчил ривожланиб бормоқда», — дейилади хабарда.

Маслаҳат учрашувининг иккинчи саммитида эришилган барча келишувларни тўлиқ амалга ошириш, эксперт-таҳлил доира вакиллари, амалиётчи мутахассислар ўртасидаги алоқаларни кенгайтириш, минтақавий стратегияни ишлаб чиқишда улар иштирокини таъминлаш мақсадида августда Президентнинг алоҳида қарори билан Марказий Осиё халқаро институти ташкил этилган эди.

Институтнинг асосий вазифалари сирасига минтақа давлатлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни ҳар томонлама кенгайтиришга қаратилган стратегия ва дастурларнинг янги йўналишларини ишлаб чиқишга кўмаклашиш, уларни илмий асосланган ҳолда чуқур таҳлил қилиш ва тадқиқ этиш киради. Шунингдек, у минтақа давлатлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган изланишларни, Марказий Осиё хавфсизлиги билан боғлиқ турли бошқа таҳдид ва муаммоларни самарали ҳал этишга қаратилган тизимли тадқиқот ишларини олиб боради.

Бунга қўшимча, қўшни давлатларнинг ташқи сиёсат концепция ва мақсадларини таҳлилий ёндашувлар асосида пухта ўрганади, минтақавий аҳамиятга эга турли лойиҳаларни батафсил таҳлил қилади ва бўлиб ўтадиган минтақавий халқаро илмий анжуман ва тадбирларда бу мавзуларни муҳокама қилади.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида нутқ сўзлаши хабар қилинган эди.

Янгиликлар