Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида нутқ сўзлайди

Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) Бош Ассамблеясининг 75-сессияси ишида иштирок этади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Маълум қилинишича, Шавкат Мирзиёев 23 сентябрь, чоршанба куни БМТ Бош Ассамблеяси етмиш бешинчи сессиясининг умумсиёсий мунозараларида иштирок этади.

Бош Ассамблеянинг мазкур сессияси ҳозирги эпидемиологик вазият муносабати билан ташкилот тарихида илк бор видеоанжуман шаклида бўлиб ўтиши белгиланган.

Шавкат Мирзиёев сессиянинг ялпи қисмида сўзга чиқиб, халқаро ҳамжамият эътиборига минтақавий ва глобал аҳамиятга эга долзарб масалалар юзасидан ўз нуқтаи назарини тақдим этиши ҳамда Ўзбекистонни сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий модернизация қилишнинг устувор йўналишларини белгилаб бериши режалаштирилган.

Шунингдек, муҳокамаларнинг асосий мавзусини ҳисобга олиб, коронавирус пандемиясига қарши биргаликда курашиш ва касаллик тарқалишининг салбий оқибатларини енгиб ўтиш масалаларига тўхталиб ўтилади.

Президент минтақада ва глобал миқёсда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, барқарор тараққиёт, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, конструктив мулоқотни кенгайтириш, шунингдек, иқлим ўзгариши, озиқ-овқат хавфсизлиги муаммоси, қашшоқликка барҳам бериш ва камбағалликни қисқартириш масалалари каби замонавий хатар ва таҳдидларга қарши қаратилган қатор муҳим ташаббусларни илгари суриши кутилмоқда.

Маълумот учун, Шавкат Мирзиёев 2017 йил сентябрь ойида Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтган БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида ҳам сўзга чиққан.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Россия ҳукумати раиси ўринбосарини қабул қилгани ҳақида хабар барилган эди. Кейинчалик Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда кимларни биринчи бўлиб гриппга қарши эмлаш кераклигини айтгани маълум қилинди.

Янгиликлар