Бешариқда пахта тозалаш заводидан тадбиркор фойдасига 40 млн сўм ундирилди

Фарғона вилояти Бешариқ туманида 14—16 октябрь куни «Бешариқ пахта тозалаш заводи» акциядорлик жамиятидан фуқаро фойдасига 40 миллион сўм ундирилди. Бу ҳақда МИБ вилоят бошқармаси ахборот хизмати «Tez News»га хабар берди.

Фото: Мажбурий ижро бюроси Фарғона вилояти бошқармаси

Таъкидланишича, Мажбурий ижро бюроси Бешариқ туман бўлими иш юритувида Ўзбекистон туманлараро иқтисодий судининг 2020 йил 13 июлда қарздор «Бешариқ пахта тозалаш заводи» акциядорлик жамиятидан ундирувчи якка тартибдаги тардбиркор А.Т. фойдасига 40 миллион сўм ундириш ҳақидаги ижро ҳужжати белгиланган.

Қайд этилишича, 14—16 октябрь куни Мажбурий ижро бюроси раҳбариятининг вилоятдаги сайёр қабули жараёнида тадбиркор А.Т. ушбу масала бўйича мурожаат қилган. Мурожаат атрофлича ўрганиб чиқилиб, қарздор жамият балансидаги «Lacetti» хизмат автомашинаси хатланган ва онлайн очиқ савдосига ҳужжатлар расмийлаштирилиши жараёнида тадбиркор ҳисоб рақамига 40 милион сўм қарз пул маблағли тўлиқ ўтказиб берилган.

Шу билан биргаликда қарздор «Бешариқ пахта тозалаш заводи» акциядорлик жамиятидан ижро йиғими қўшимча равишда ундирилган. Ижро ҳужжатида кўрсатилган талабни ўз вақтида бажариш чорасини кўрмаган айбдор шахсларнинг маъмурий жавобгарлик масаласи ҳам ҳал этилган.

Аввалроқ Риштон туманида МИБ «Nexia»ни сотиб, пулини эр-хотинга бўлиб бергани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар