Когонда ўғрилик қилиб, терговдан яшириниб юрган эркак қўлга олинди

Бухоро вилояти Когон туманида ўғрилик қилиб, терговдан қочиб юрган эркак ушланди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, 2020 йил 22 октябрь куни Когон тумани ички ишлар бўлими жиноят қидирув бўлинмаси ходимлари томонидан «Тонг» махсус тадбири ўтказилган. Тадбирда Жиноят кодексининг 169-моддаси (Ўғрилик) 3-қисмида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбдор деб топилган П.Б. қўлга олинган.

Қайд этилишича, фуқаро П.Б. суд муҳокамасида иштирок этишдан бўйин товлаб, қочиб юрганлиги учун Жиноят ишлари бўйича Когон шаҳар суди томонидан 2020 йил 7 октябрь кунидан буён қидирув эълон қилинган.

Когон тумани «Сараён» МФЙда яшовчи, 1969 йилда туғилган П.Б. нинг Бухоро шаҳар ҳудудида яшириниб юрган жойи аниқланиб, қамоққа олинган. Фуқаро П.Б. вилоят Ички ишлар бошқармаси пробация ва жазони ижро этиш бўлимига қарашли 4-сонли тергов ҳибсхонасига жойлаштирилган.

Аввалроқ Фарғонада 2 киши, Марғилонда эса қидирувда бўлган эркак Қувасойда ушланганди. Шунингдек, Олтиариқда жиноят содир этиб, терговдан яширинган эркак қўлга олингани маълум қилинганди.

Янгиликлар