Самарқанд шаҳрида 33 млн сўмлик алимент қарзини тўламаган ота 15 суткага қамалди

Самарқанд шаҳрида 33 миллион 391 минг сўм алимент қарздорлиги бор ота 15 суткага қамалди. Бу ҳақда Мажбурий ижро бюроси вилоят бошкармаси ахборот хизмати «Tez News»га хабар берди.

Фото: Мажбурий ижро бюроси Самарқанд вилоят бошкармаси ахборот хизмати

Маълум қилинишича, Фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди томонидан А.А.дан ундирувчи Н.Т. фойдасига бир нафар фарзанди учун ойлик иш ҳақи ва бошқа даромадларининг тўртдан бир қисми миқдорида алимент ундирилиши белгиланган.

Қарздор А.А.нинг мол-мулкини аниқлаш мақсадида тегишли давлат идораларига сўров хатлари юборилиб, қарздор номига расмийлаштирилган мол-мулклар аниқланмаган. А.А. бир неча марта огоҳлантиришларга қарамасдан, 2016 йилнинг февраль ойидан буён алимент тўламагани аниқланган.

Унинг 33 миллион 391 минг сўм алимент қарздорлигини ундириш имкони бўлмаган. Унга нисбатан тўпланган ҳужжатлар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47 (4)-моддаси 1-қисмига асосан маъмурий жавобгарлик масаласини кўриш учун Самарқанд шаҳар маъмурий судига юборилган. Суд қарори билан қарздор А.А.га нисбатан 15 сутка қамоқ жазоси тайинланган.

Аввалроқ Каттақўрғонда қарздор ота салкам 10 миллион сўм, Қўрғонтепада эса ота фарзанди учун олдиндан 15 миллион сўм алимент тўлаганди. Шунингдек, Наманганда алиментдан салкам 2,5 миллион сўм қарзи бор эркак хотини билан ярашганди.

Янгиликлар