Самарқанд шаҳрида ҳужжатини сўраган инспекторни ҳақорат қилган ҳайдовчи жавобгарликка тортилди (видео)

Самарқанд шаҳрида ҳайдовчи инспекторни ҳақорат қилиб судланди. Бу ҳақда «Zamon» информацион дастури хабар берди.

Фото: «Tez News»

Хабарга кўра, қоидага амал қилмай ҳаракатланган ҳайдовчи пиёдага йўл бермай, унинг ҳаётига хавф солган. Ҳайдовчи Самарқанд шаҳар Мирзо Улуғбек ва Саидбарака кўчалари кесишган чорраҳадаги йўл инспекторининг тўхташ ишорасига бўйсунмай қочиб кетган.

«Пиёдалар йўлагидан пиёдага йўл бермай ўтган. Командир менга рация орқали хабар берган. Тўхтатиб ўзимни таништириб ҳужжатларини сўраган вақтимда нима сабабдан тўхтатяпсан деди. Қоидабузарлигини тушунтириб бериб, ҳужжатларини тақдим қилишини сўраганимда сенга ўхшаган муттаҳамларга ҳужжат бермайман, деб ёмон сўзлар билан ҳақоратлади. Сёмка қилиб бориб пракратурага ариза берди. Мен арз қилмоқчимасдим. Прократура ходимлари ҳақорат қилганини кўриб энди ўзини жавобгарликка тортишди», — дейди жабрланувчи йўл патрул хизмати инспектори.

Маълумотларга кўра, Раҳмонов Алишер айби йўқлигини, ноҳақ айбланаётганини важ қилиб, судга ўзи олган видеоларни тақдим қилган. Сёмкаларни ўрганиб чиқилганда йўл патрул хизмати ходимига ҳақоратли сўзларни ишлатганлиги аниқланган. Жиноят аломатлари бор ёки йўқлигини аниқлаш мақсадида материаллар пракратурага қайтарилган. Натижада Раҳмонов Алишерга нисбатан Жиноят кодексининг 140-модда (Ҳақорат қилиш) 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилган.

Суд якунига кўра, айбланувчи ойлик иш ҳаққининг 20 фоиз миқдорини давлат даромади ҳисобига ўтказиши ва 2 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазосини ўташи белгиланган.

Аввалроқ йўл қоидасини бузган видеосини TikTok’га жойлаган Олмалиқ ҳокимининг ўғли жаримага тортилгани, Самарқандда ўтказилган тунги рейдда 133 нафар қоидабузарлик содир этилгани ҳақида хабар қилинганди.