Самарқанд шаҳрида ўтказилган тунги рейдда 133 нафар ҳайдовчи қоидабузарликлар содир этгани аниқланди
Самарқанд шаҳрида 20 cентябрь, якшанба соат 20:00 дан 21 сентябрь соат 03:00 гача ўтказилган махсус «Aвто патруль» тунги рейдида 133 та ҳуқуқбузарлик ҳолати аниқланди. Бу ҳақда Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизмати хабар қилди.
Хабарга кўра, ушбу рейд тунги вақтларда ҳайдовчилар томонидан қўпол қоидабузарликлар содир этилишининг, йўл-транспорт ҳодисаларининг, шаҳар кўчалари бўйлаб «пойга» ўйинлари ташкил қилинишининг олдини олиш, тегишли рухсатномасиз автомашинани қайта жиҳозлаш, ойналарни қорайтириб олиш каби йўл ҳаракати қоидаларни бузиш билан боғлиқ қоидабузарликлар содир этилишини аниқлаш мақсадида ўтказилди.
Қайд этилишича, Самарқанд шаҳрида вилоят ички ишлар бошқармаси ЙҲХБ, вилоят ИИБ ахборот хизмати ва Миллий гвардия ҳамкорлигида 10 та ишчи гуруҳ тузилиб, тунги вақтларда ҳар куни соат 20:00 дан тунги 03:00 га қадар назорат ва рейд тадбирлари ўтказилмоқда.
Маълум қилинишича, мазкур ташкил этилган гуруҳлар томонидан 20—21 cентябрь куни ўтказилган «Aвто патруль» махсус рейд тадбирлари давомида 133 та маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳолати аниқланган. Шулардан:
- ҳайдовчилар томонидан спиртли ичимлик истеъмол қилган ҳолда транспорт воситасини бошқариш билан боғлиқ 2 та ҳолатда;
- давлат рақам белгисини ўзбошимчалик билан ечиб олган ҳолда транспорт воситасини бошқариш билан боғлиқ 3 та ҳолатда;
- транспорт воситасига рухсатсиз товуш чиқарувчи қурилмалар ўрнатиш билан боғлиқ 1 та ҳолатда;
- ҳайдовчилар томонидан тегишли ҳужжатларсиз ва суғурта полисисиз транспорт воситасини бошқариш билан боғлиқ 24 та ҳолатда;
- тегишли рухсатномасиз транспорт воситасининг олд ва ён ойналарини қорайтириб олиш билан боғлиқ 2 та ҳолатда;
- светофор ишораларига амал қилмаган ҳолда транспорт воситасини бошқариш билан боғлиқ 18 та;
- 83 та ҳолатда бошқа турдаги қоидабузарликлар содир этилганлиги аниқланган.
Шунингдек, ўтказилган тадбирлар давомида 35 та автотранспорт воситаcи жарима майдончасига қўйилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқанд шаҳрида ўтказилган рейдда бир кунда 32 дона пичоқни бемақсад олиб юриш ҳолати аниқлангани ҳамда Ўзбекистонда ўтказилган рейдларда 6 кун давомида қанча қоидабузарлик аниқлангани ҳақида хабар қилинганди.