«Вилоят ҳокимлигида ишлаганман». Рус компаниясида бўлим бошлиғи бўлиб ишлаган ўзбекистонлик дастурчи илк фаолияти ҳақида гапирди

Россиядаги йирик компанияларнинг бирида ишлаган ўзбекистонлик дастурчи Aкмал Кадиров илк фаолияти, биринчи олган даромади ҳақида гапириб берди.

Унинг сўзларига кўра, дастурчи илк фаолиятини Сурхондарё вилояти Термиз шаҳридаги вилоят ҳокимлигидан бошлаган. «Тошкентга келишимдан олдин ҳам ишлаб юрганман. Сурхондарё вилояти Термиз шаҳридаги ҳокимликда фрилансер бўлиб ишлаганман», — дейди у.

Шунингдек, Aкмал Кадиров ҳоким ўша вақтда унинг ташқи кўринишини танқид қилганини ҳам айтиб ўтди:

«Шунақа воқеа бўлганки, ҳоким бизнинг каттамизни олдига чақирган экан ва унга ‘Нима бу? Ишчингни қара, сочи узун, бунақа юрибди’ деса, бошлиғимиз ҳам унга қараб ‘Бўпти, кал бўлса ҳам, битта дастурчи топиб беринг, ҳайдавораман’ деган экан. Шу сабабли ҳам кимдир ‘нима бу юриш?’ деса, ҳоким рухсат берган, деб қўярдим.

Ишладим у ерда, лекин у вақтларда вилоятда дастурчи йўқ эди. Чунки борлари ҳам ё Тошкентга ёки четга чиқиб кетган эди. Шунақа пайтда инсонда ёлғон туйғу пайдо бўлиб қолади: сиз энг зўр дастурчисиз дегандек. Бу одамни профессионал сифатида ривожланишига халақит беради. Шундан кейин 2009 йил кетганман Тошкентга. Келганимда анча қийинчиликлар бўлган… Битта квартирада 7 киши яшаганмиз. Кейин аста-аста ривожлана бошладик, буюртмалар олардик, ўзимнинг компаниямни ҳам очдим. 2014 йилда Россияга кетгим келди.

У ерга борганимда ҳатто мактаб боласиям дастурлашни мендан зўр билса керак, мени ишга олмаса керак, деб ўйлаганман. Уёққа 2 ҳафтага кетгандим, биринчи суҳбатданоқ мени ишга олишди. Мен ишлашни бошладим, орада 2 ҳафта байрам бўлиб қолди, шу сабабли кодни кўрмаган эдим. Кейинчалик кодни беришди. У код шунақанги расво эди. Уларга биз Ўзбекистонда ҳатто бунақа код ёзмаслигимизни айтганман. Кўрсангиз, ишлагингиз келмайди-да бунақа код билан.

Шундай қилиб, уларнинг камчиликларини айта бошладим, уларда шундай одат бор: қилиш керак десангиз, қил дейди. Шу тариқа мени кичик гуруҳга бошлиқ қилиб қўйишди»,  дейди у.

Аввалроқ Aкмал Кадиров Россиядаги банкни қандай қилиб бузгани ҳақида гапириб берган эди. Унинг сўзларига кўра, дастурчилар энди иш бошлаган вақтларида бузғунчилик қилиб кўришни яхши кўради. У ҳам мактабни битирган вақтларида, тахминан 2006 йилда, шундай бузғунчилик қилган.