2021 йилда Ўзбекистонда фармацевтика соҳасида нечта инвестиция лойиҳаси амалга оширилиши маълум қилинди

24 март куни АОКАда бўлиб ўтган брифингда 2021 йилда Ўзбекистонда фармацевтика соҳасида нечта инвестиция лойиҳаси амалга оширилиши маълум қилинди. Бу ҳақда Tez News мухбири хабар берди.

Фото: retail.ru

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги бошқарма бошлиғи ўринбосари Илёс Манаповга кўра, жорий йилда фармацевтика соҳасида умумий қиймати 649,4 миллиог долларлик 122 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда.

«Шунингдек, 2021 йилда умумий қиймати 127,5 млн долларлик 51 та лойиҳа ишга туширилиши ва натижада 1 779 та янги иш ўрни яратилиши режалаштирилган», — деди бошқарма бошлиғи ўринбосари.

Хусусан, 2021-2023 йилларга мўлжалланган Инвестиция дастурига асосан, соҳада умумий қиймати 366,8 миллион долларлик 39 та инвестиция лойиҳаси доирасида 2021 йилда 130,4 миллион долларлик инвестициялар ўзлаштирилиши ҳамда умумий қиймати 84,1 миллион долларлик 19 та лойиҳа ишга туширилиши белгиланган.

Бундан ташқари, 2021 йилда:

  • Кардиология (катетер, стенд каби тиббий буюмлар ва юрак-қон тизими фаолиятини яхшиловчи дори воситалари)
  •  Эндокринология (эндокринология касалликларини даволаш-профилактика ишлари учун таблетка ва капсула шаклидаги тайёр дори воситалари)
  • Травматология (умуртқа-бўғим касалликлари ҳамда шикастланишларда фойдаланиладиган ортопедик буюмлар ва тиббий боғлов материаллари)
  • Онкология (онкологик касалликларни даволаш-профилактика ишлари учун ишлатиладиган тайёр дори воситалари)
  • Микробиологик диагностик воситалари, қандли диабетни ўлчаш анжомлари, тиббиёт лаборатория анжомлари, учинчи авлод шприцлари ва Гемодиализ жиҳозлари, илон ва ҳашаротлар заҳрига қарши зардоблар ҳамда бошқа турдаги тайёр дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббиёт ускуналарини ишлаб чиқариш бўйича инвестиция лойиҳаларини ишга тушириш режалаштирилган.

«Бундан ташқари, фармацевтика соҳасини янада ривожлантириш мақсадида, Президентимизнинг фармонига асосан 6 та: «Зомин-фарм», «Косонсой-фарм», «Бойсун-фарм», «Бўстонлиқ-фарм», «Паркент-фарм» ҳамда «Андижон-фарм» эркин иқтисодий зоналари ташкил этилди», — деди Манапов.

Таъкидланишича, 2021-2023-йилларда мазкур зоналар ҳудудида умумий қиймати 132,5 миллион долларлик 24 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилиб, 1 755 та янги иш ўрни яратилиши кўзда тутилган.

Янгиликлар