БМТ: 2023 йилда 280 миллиондан ортиқ одам очликка дуч келган

2023 йилда 59 мамлакатда 280 миллиондан ортиқ киши оғир очликни бошдан кечирди, деб ёзади «ТАСС» БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) ҳисоботига таяниб.

Унда таъкидланишича, ўтган йили озиқ-овқат хавфсизлигининг юқори даражасидаги  умумий улуш 2022 йилга нисбатан анча паст бўлган.

Бироқ, у коронавирус пандемиясигача кузатилган даражадан юқорилигича қолмоқда.

Озиқ-овқат хавфсизлигининг умумий даражаси 2016 йилдаги 17 фоиздан 2021 йилда 25 фоизгача ошди. Ўшандан бери бу кўрсаткич деярли ўзгармаган, дейилади хабарда.

Очликнинг асосий омиллари дунёнинг барқарор ривожланишига таҳдид солаётган можаролар, экстремал об-ҳаво ва иқтисодий зарбалардир.

2023 йилда очлик ҳукм сураётган ҳудудларда умумий вазиятнинг ёмонлашгани қайд этилди. 2024 йилда аҳолининг аксарияти фалокат сифатида тавсифланган вазиятга дуч келадиган Судан ва Ғазо секторида инқирозлар кучайган.

12 мамлакатда озиқ-овқат хавфсизлиги ёмонлашган, яна 13,5 миллион киши озиқ-овқат ёрдамига муҳтож.

Шу билан бирга, 17 та давлатда вазият яхшиланди, уларда бундай одамлар сони 7,2 миллионга камайди.

Энг оғир озиқ-овқат инқирозини бошдан кечираётган бешта давлатга Афғонистон, Конго Демократик Республикаси, Нигерия, Судан ва Эфиопия киради.

Янгиликлар