Қўштепада 200 доллардан ортиқ пул эвазига «права» олиб бермоқчи бўлган эркак ушланди

Фарғоа вилояти Қўштепа туманида «С» тоифадаги ҳайдовчилик гувоҳномасини тезроқ олиб бериш эвазига 200 доллардан ортиқ пул сўраган эркак қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Фото: «Tez News»

Хабарга кўра, 22 сентябрь куни М.А. ИИБга мурожаат қилган ва ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун тумандаги автомактаб ходими Алишер (исми ўзгартирилган) исмли шахсга мурожаат қилганлигини, ушбу шахс «С» тоифасидаги ҳайдовчилик гувоҳномасини тезлаштириб олиб бериш эвазига автомактаб ҳисобига 1,5 миллион сўм ҳамда Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасида ишловчи раҳбарлар орқали ҳал этиш учун эса 100 АҚШ доллари миқдорида пул талаб қилаётганлигини билдирган. Шу билан бирга, Алишер исмли шахсга нисбатан қонуний чора кўрилишини сўраган.

Қайд этилишича, фуқаро М.А.нинг аризаси асосида, шу куни ички ишлар вазирлиги Ўз хавфсизлиги бошқармаси Фарғона вилояти бўйича бўлими ҳамда вилоят ИИБ Кадрлар бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда тезкор-тадбир ўтказилган. Тадбир давомида Алишер М.А.дан 1,5 миллион сўм ва 100 АҚШ доллари олган вақтида ушланган. Пуллар холислар иштирокида далилий ашё тариқасида олинган.

Ўрганиш давомида, Алишер исмли шахс автомактаб ўқитувчиси лавозимида ишлаши аниқланган. Шунингдек, унинг хизмат хонаси кўздан кечирилганда, 100 дан зиёд коллеж ўқувчиларининг исм-шарифлари штрих орқали ўзгартирилган ҳолдаги диплом ва илова нусхалари, бошқа ҳужжатлар мавжудлиги аниқланган. Ушбу ашёлар ҳам келгусида текшириб кўриш учун олинган.

Фото: Фарғона вилояти ИИБ ахборот хизмати

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан ИИВ ўз хавфсизлиги бошқармаси Фарғона вилояти бўйича бўлими ходимлари томонидан текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Ромитанда фуқарони тиббиёт коллежига ўқишга киритиб қўйиш эвазига 400 доллар «ишламоқчи» бўлган шахс қўлга тушгани, Қоракўлда профилакттика инспекторига салкам 200 сўм пора бермоқчи бўлган шахс қўлга олингани хабар қилинган эди.