Шавкат Мирзиёев ва Нурсултон Назарбоев Қозоғистонда учрашди

Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон биринчи президенти — Элбоши Нурсултон Назарбоев иштирокида 25 сентябрь куни амалий учрашув ўтказилди. Бу ҳақида Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Маълум қилинишича, учрашув Қозоғистон томонининг таклифига биноан Туркистон вилоятининг Ўзбекистон билан чегарадош ҳудудидаги Сариағаш шаҳрида ўтказилди.

Икки мамлакат етакчилари Ўзбекистон-Қозоғистон стратегик шериклик муносабатларининг бугунги ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилиб, минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашдилар.

Коронавирус инфекцияси глобал миқёсда тарқалишининг оқибатларини тез фурсатда енгиб ўтиш мақсадида ҳукуматлар даражасида яқиндан мувофиқлашув ва самарали ҳамкорликни давом эттиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Икки томонлама савдо ҳажмини ошириш ва товар айирбошлашнинг ўзаро келишилган кўрсаткичларига эришиш учун қулай шароитлар шакллантиришни давом эттириш, қабул қилинган қўшма «Йўл харитаси» доирасида саноат, энергетика, қишлоқ хўжалиги ва транспорт соҳаларида кооперация бўйича устувор лойиҳаларни амалга оширишга кўмаклашиш, ҳудудлараро алоқалар ва гуманитар алмашинувларни қўллаб-қувватлаш муҳимлиги қайд этилди.

Шунингдек, минтақавий шерикликни, жумладан, 2019 йил ноябрь ойида Тошкент шаҳрида ўтказилган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг иккинчи Маслаҳат учрашуви якунида эришилган келишувлар асосида илгари суриш масалаларига тўхталиб ўтилди.

Бундан ташқари, МДҲ доирасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг асосий йўналишлари кўриб чиқилди.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев БМТ минбаридан жаҳон ҳамжамиятига 8 та таклиф берган эди.

Янгиликлар