Фарғонада ЙПХ ходими қоидани бузгани айтилган хабарга изоҳ берилди
Фарғона вилояти Марғилон шаҳрида вилоят Ички ишлар бошқармаси йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлимига тегишли бўлган «Lacetti» махсус хизмат автомашинаси ҳайдовчиси йўл ҳаракати қоидаларини бузгани маълум бўлди. Бу ҳақда Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси матбуот хизмати хабар қилди.
Маълум бўлишича, ижтимоий тармоқда «Фарғонада ЙПХ ходими қоидани бузди» сарлавҳаси остидаги фотосурат тарқалган. Фотосуратда Фарғона вилояти Марғилон шаҳар Туркистон ва Хиёбон кўчалари кесишмасида вилоят ИИБ ЙҲХБга тегишли бўлган «Lacetti» «40 130 VSF» давлат рақам белгили махсус хизмат автомашинаси ҳайдовчиси йўл ҳаракати қоидаларининг 3-банди (Йўл ҳаракати қатнашчилари «Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида»ги қонунни, ушбу қоидаларни ва унда келтирилган светофор ишоралари, йўл белгилари (ушбу қоидаларга 1-илова), йўл чизиқларининг (ушбу қоидаларга 2-илова) талабларини билишлари, уларга амал қилишлари, шунингдек уларга берилган ваколат доирасида йўлларда ҳаракатни тартибга солувчиларнинг кўрсатмаларини сўзсиз бажаришлари шарт)да белгиланган талабларни бузганлиги аск этган.
Шунингдек, автомобиль йўлида чизилган 1.1 (қарама-қарши йўналишларда ҳаракатланаётган транспорт оқимларини ажратади, йўлнинг хавфли жойларидаги ҳаракатланиш бўлаги чегарасини билдиради, йўлнинг кириш тақиқланган қисми чегарасини белгилайди, транспорт воситаларининг тўхтаб туриш жойи чегарасини ҳамда автомагистрал қаторига киритилмаган йўлнинг қатнов қисми чегарасини билдиради, чизиқни босиб ўтиш тақиқланади, қатнов қисмининг четини билдириш учун қўлланилган 1.1 чизиғи бундан мустасно) йўл ётиқ чизиғини босиб ҳаракатланганлиги маълум бўлган.
Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ушбу ҳолат ўрганилганини ва «Lacetti» махсус хизмат автомашинаси бириктирилган ҳайдовчи ходимга нисбатан белгиланган тартибда чора кўрилганини билдирган.
Мавзуга доир:
Аввалроқ Сурхондарёда ГАИ ходими ҳайдовчига «ялинган»и учун ишдан олингани ҳақда хабар берилган эди. Бундан ташқари, Наманганда «Nexia» ҳайдовчиси ЙПХ инспекторини 100 метр масофага судраб боргани хабар қилинган.