Ўзбекистонда 9 та вазн тоифасида ўтказилган аралаш жанг санъати бўйича вазир кубоги якунланди (фото)
Мудофаа вазирлиги олий спорт натижаларини ривожлантириш маркази клубида 23—25 октябрь куни аралаш жанг санъати бўйича профессионаллар ўртасида илк бор мудофаа вазири кубоги мусобақаси бўлиб ўтди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати «Tez News»га хабар берди.
Таъкидланишича, мусобақанинг биринчи ва иккинчи кунлари саралаш ва ярим финал босқичи доирасидаги жанглар ташкиллаштирилди. Республиканинг турли вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳридан келган юздан ортиқ спортчи иштирокчиларнинг натижасига кўра, 9 та вазн тоифасида финалчилар номи аниқланди. Mусобақанинг очилиш ва финал босқичи 25 октябрь куни бўлиб ўтди.
Ушбу маросимда мудофаа вазири Баҳодир Қурбонов, Марказий Осиё аралаш жанг санъати конфедерацияси раҳбари Отабек Умаров, миллий олимпия қўмитаси бош котиби Ойбек Қосимов, таниқли спортчилар ва фахрий меҳмонлар иштирок этди. Ўтказилган 9 та беллашув натижасига кўра умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни Мудофаа вазирлиги жамоаси эгаллаган.
Тадбир якунида ғолиб ва совриндорларга медаллар, диплом ҳамда қимматбаҳо эсдалик совғалари топширилди.
Аввалроқ Самарқандда спортнинг кўпкураш тури бўйича вилоят биринчилиги бўлиб ўтгани ҳақида хабар берилганди.