Монополияга қарши курашиш қўмитаси Тошкент вилоятининг айрим электр таъминоти корхоналарини судга берди
Монополияга қарши курашиш қўмитаси Тошкент, Зангиота, Қибрай туманлари электр тармоқлари корхоналари раҳбарларига нисбатан маъмурий ҳужжатларни расмийлаштириб, тегишли тартибда кўриб чиқиш учун маъмурий судга юбориш чораларини кўраётганлигини маълум қилди.
Тошкент вилояти Монополияга қарши курашиш ҳудудий бошқармаси томонидан Олмалиқ шаҳридаги 279-сонли электр трансформаторга уланган истеъмолчиларни ўрнатилган тартибда огоҳлантирмасдан электр таъминотидан узилишларни амалга ошириш натижасида «Олмалиқ шаҳар электр таъминоти» корхонаси раҳбари Ўрозалиев Анвар Ҳайдаралиевичга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 178-моддасига асосан 2020 йил 16 ноябрь куни маъмурий баённома расмийлаштирилган. Олмалиқ шаҳар маъмурий судига иш юритувдаги ҳужжатлар юборилган.
Шунингдек, 2020 йилнинг 19–20 октябрь кунлари Facebook ижтимоий тармоғида истеъмолчиларнинг ўртасида кенг муҳокамага сабаб бўлган мавзу — Тошкент вилояти Зангиота туманида яшовчи аҳоли истеъмолчилари электр энергиясидаги мавжуд қарздорлик учун узиб қўйилганлиги, ҳамда абонентлар томонидан тегишли тўловлар амалга оширилиб, корхонага тармоққа қайта улаш бўйича берилган буюртма (ариза)лар мавжуд бўлишига қарамай, истеъмолчиларни электр тармоғига қайта улаш ишлари кечикаётганлиги билдирилган.
Юқоридаги ҳолат юзасидан «Тошкент ҳудудий электр тармоқлари» АЖга нисбатан «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонуннинг 19-моддаси биринчи қисми талаблари бузилганлиги сабабли 2020 йил 29 октябрда 11/02-И-сонли кўрсатма берилган. Жамият корхонаси томонидан кўрсатманинг ижросини таъминлаш тўғрисидаги 517-сонли буйруқ қабул қилинган бўлиб, унга асосан кўрсатилган қонун бузилиш ҳолатлари шаҳар ва туман электр таъминоти корхоналари раҳбар ҳодимлари билан атрофлича ўрганиб чиқилган. Барча раҳбар ходимлар келгусида қонун бузилиш ҳолатларига йўл қўймаслик тўғрисида огоҳлантирилган.
Мавзуга доир: «Шунча ислоҳотлар нима учун аҳолига етиб бормаяпти?» Сенат раиси электр энергияси ва газ муаммоси ҳақида гапирди
Шунга қарамасдан, 20 ноябрь куни Тошкент туманидаги қарийб 17 минг электр энергия истеъмолчиси томонидан фойдаланилган электр энергияси учун тўловлар бўйича юзага келган қарздорлик сабабли, амалдаги тартиб бўйича АСКУЭ тизими автоматик равишда қарздор истеъмолчиларнинг таъминотини тўхтатган. Ўз навбатида, юқоридага ҳолат жойига чиқиб ўрганилганда истеъмолчилар томонидан фойдаланилган электр энергияси учун қарздорлик тўлангандан кейин ҳам автоматик равишда электр тармоғига қайта уланмаган ҳолатлар аниқланган.
«Ушбу ҳолат 2020 йилнинг 21–22 ноябрь кунлари Қибрай ҳамда Зангиота туманларида ҳам аниқланган. Ҳозирги кунда ҳудудий бошқарманинг 2020 йил 29 октябрдаги 11/02-И-сонли кўрсатмасини бажармаганлиги сабабли, Тошкент, Зангиота, Қибрай тумани электр тармоқлари корхоналари раҳбарларига нисбатан маъмурий ҳужжатларни расмийлаштириб, тегишли тартибда кўриб чиқиш учун маъмурий судга юбориш чоралари кўрилмоқда» дейилади хабарда.
Мавзуга доир:
Аввалроқ Фарғона вилоят прокуратураси электр узилишлар бўйича мутасаддиларга маъмурий иш қўзғатгани ҳақида хабар берилганди.