Фарғона вилоят прокуратураси электр узилишлар бўйича мутасаддиларга маъмурий иш қўзғатди

Фарғона вилоят прокуратураси 20 ноябрь куни ҳудуддаги электр энергияси узилишлари бўйича масъул корхоналарнинг мансабдор шахсларига маъмурий иш қўзғатди. Бу ҳақда ЎзA хабар берди.

Фото: «Tez News»

Қайд этилишича, вилоят прокуратураси томонидан электр тармоқлари ва қурилмаларини куз-қиш даврида барқарор ишлашга тайёрлаш, аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларига электр энергиясини узлуксиз етказиб берилишининг аҳволи ўрганилган.

Назорат тадбирларида юқори кучланишли электр тармоқларида содир бўладиган аварияларни тезкор бартараф этиш бўйича мобиль гуруҳлар фаолияти ҳамда моддий-техник базаси тўлиқ ташкил этилмаганлиги оқибатида вилоят ҳудудларида кунига 3 соатдан 28 соатгача электр энергияси етказиб берилишида узилишлар кузатилганлиги аниқланган.

Хусусан, Қува туманида 3 соатдан 28 соатгача, Қўштепада кунига 3–7 соатгача, Фурқат туманида 9 соатгача, Марғилон шаҳар, Бешариқ, Тошлоқ, Ўзбекистон, Олтиариқ ва Ёзёвон туманларида 4 соатгача, Бағдодда 3 соатгача, Риштон, Бувайда ва Данғарада 5 соатгача, Учкўприкда 2 соатгача узилишлар кузатилган.

Шу сабабли вилоят прокуратураси органлари томонидан ушбу ҳолатлар юзасидан вилоят, туман ва шаҳар электр тармоқлари корхоналари мансабдор шахсларига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 198-моддаси 1-қисмида (Ҳокимият вакилининг қонуний талабларини бажармаслик) ифодаланган ҳуқуқбузарлик аломатлари билан маъмурий жавобгарлик тўғрисида иш қўзғатилган.

Aввалроқ Намангандаги ИЭСда юз берган фавқулодда ўчиш туфайли вилоятнинг катта ҳудуди электрсиз қолгани ҳақида хабар берилганди. Энергетика вазирлиги ҳолат юзасидан расмий муносабат билдириб, иссиқлик электр станциясидаги ўчиш оқибатида водий вилоятлари, Тошкент шаҳри ҳамда Самарқанд, Бухоро, Қашқадарё вилоятларида автоматик чеклов киритилганини маълум қилган.

Кейинчалик вазирлик ушбу иссиқлик электр станциясидаги носозлик бартараф этилиб, тўлиқ ишлай бошлаганини хабар қилган.

Янгиликлар