Қашқадарё ҳокими вилоятда республика бўйича энг кўп коррупцион ҳолатларга йўл қўйилганини айтди

Қашқадарё ҳокими Зоир Мирзаев халқ таълими масъуллари ва вазир Шерзод Шерматов иштирокидаги йиғилишда вилоят Республика бўйича энг кўп коррупцион ҳолатларга йўл қўйган вилоят сифатида қайд этилганини маълум қилди. Бу ҳақда «Daryo» хабар қилди.

Фото: «Tez News»

Хабарга кўра, ҳоким вилоят халқ таълими тизимида таниш-билишчилик, қариндош-уруғчилик ва коррупция авж олганини айтган.

«Коррупцияга қарши курашиш агентлиги раҳбари ва Ҳисоб палатаси келганда биз вилоятдаги коррупцион ҳолатлар бўйича муҳокама ўтказдик. Aйнан таълим ва тиббиётни муҳокама қилдик. Қашқадарё республикадаги энг катта коррупцион хатоликларга йўл қўйган вилоят сифатида қайд этилди. Бу қачонгача давом этади?» — деди вилоят ҳокими.

Шунингдек, ҳоким Яккабоғ туман халқ таълими тизимидаги коррупцион ҳолатлар ҳақида тўхталиб:

«Яккабоғни айтяпти, жиноий иш очилган. Жиноий иш очилиб, уч ой давомида ҳали тергов кетяпти. Тергов давомида ўша одам, ўша раҳбар яна 200 миллион долларга коррупцион операция қилиб қўйган. Қандай қилиб булар билан муроса қилиб бўлади?» — деган.

Зоир Мирзаев Шавкат Мирзиёевнинг вилоятга ташрифи давомида мактаблар учун берилган 250 миллиард сўм ҳам агар назорат қилинмаса, талон-торож бўлиши мумкинлиги ҳақида гапирган.

«Президентимиз ташрифидан кейин бизга 250 миллиард сўм маблағ берилаётгани катта масъулият талаб қилади. Бунга ҳалоллик керак, ёндашув керак, фидойилик керак. Мана, кеча мактаб танлашда шунақанги нарсаларга ишонч ҳосил қилдимки, ўйин бўлиб кетган. У ерда ўтирган ҳокимлар ҳам, таълимнинг тумандаги вакиллари пахса мактабларни қолдириб, ўйин қилиб юборган. У нарсага йўл қўйилмайди», — деди Зоир Мирзаев.

Aввалроқ Ўзбекистонда коррупцияга энг кўп дуч келадиган давлат хизматчиларининг рўйхати тузилиши ҳақда хабар қилинганди.

Янгиликлар