Ўзбекистонда вояга етмаганларни мажбурий меҳнатга жалб қилган шахс қамалиши мумкин

«Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси»га ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича лойиҳа 25 декабрь, жума куни Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилди.

Фото: Иллюстратив

Лойиҳага кўра, Жиноят кодексининиг 148-3-моддаси — «вояга етмаган шахсни мажбурий меҳнатга жалб қилиш» билан тўлдириш таклиф этилмоқда ҳамда  қуйидагилар қўшимчаларни ўз ичига олади:

Ушбу киритиладган ўзгаришларга кўра, вояга етмаган шахсни унинг соғлиғига, хавфсизлигига ёки ахлоқ-одобига зиён етказиши мумкин бўлган ишларга мажбурий жалб қилиш — баъзавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жарима ёки 1 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 1 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Шунингдек, ўша ҳаракат вояга етмаган шахснинг соғлиғига ўртача оғир шикаст етказилишига сабаб бўлса — 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 1 йилдан 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Бундан ташқари, ўша ҳаракат вояга етмаган шахснинг соғлиғига оғир шикаст етказилишига ёки бошқа оғир оқибатларга сабаб бўлса — 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Таъкидланишича, Жиноят кодексининг «216-1-моддаси — ғайриқонуний жамоат бирлашмалари ва диний ташкилотлар фаолиятида қатнашишга ундаш» иккинчи қисм билан тўлдирилмоқда: Ўша ҳаракатлар вояга етмаган шахсга нисбатан содир этилган бўлса — 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёки 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Малумот учун, лойиҳа муҳокамаси 2021 йилнинг 9 январига қадар давом этади.

Аввалроқ Ўзбекистонда коррупция ҳақида хабар берганлар шахси давлат сири этиб белгиланиши мумкинлиги ва Коррупция ҳолати тўғрисида хабар бермаган ходимга чора кўрилиши ҳақидаги қонун лойиҳаси муҳокама учун эълон қилинганди.