Коррупция ҳолати тўғрисида хабар бермаган ходимга қандай чора кўрилиши айтилди
«Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонуни лойиҳаси Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига муҳокама учун жойлаштирилди.
Маълумотларга кўра, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида хабар бериш мажбуриятини бажармаган ходимга нисбатан жавобгарлик белгиланиши мумкин.
Ушбу қонун лойиҳасида меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиш асослари рўйхати — Меҳнат кодекси 100-моддасининг иккинчи қисмини янги банд билан тўлдириш назарда тутилмоқда. Лойиҳага кўра ўз вақтида қонун ҳужжатларида белгиланган чораларни кўрмаганлиги ҳамда жиноятга, шу жумладан, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар фактлари тўғрисида хабар бериш мажбуриятини бажармаганлиги туфайли ходим билан меҳнат шартномаси иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиниши мумкин.
Бундан ташқари, муҳокамага қўйилган қонун лойиҳасида коррупция ҳақидаги аноним мурожаатлар ҳам кўриб чиқилиши малум қилинган. Аниқланишича, Ўзбекистонда сўнгги икки йилда Ички ишлар вазирлигига 106 та, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментига 90 та жиноятга, шу жумладан коррупцияга оид маълумотлар бўлган аноним мурожаатлар келиб тушган. Қонунчиликда бундай мурожаатларни кўриб чиқиш ҳамда бу жараёнда аниқланган қонунбузилишларга нисбатан чоралар кўриш тартибига доир ҳуқуқий асослар яратилмаганли ўз вақтида жиноятларни аниқлаш имконини бермaётган эди.
Мавзуга доир: Ўзбекистонда мансабдорлар коррупцияга оид жиноятлар оқибатида неча миллиард пул ўғирлагани маълум бўлди
Аввалроқ Ички ишлар вазирлиги тизимида 11 ойда қанча ходим коррупцион жиноятлар сабабли ишдан олингани ва Ўзбекистонда коррупциявий хавф-хатар юқори бўлган соҳалар маълум қилинганди. Шунингдек, Ўзбекистонда антикоррупция лабораториялари ташкил этилиши хабар қилинганди.