Ўзбекистонда 2022-йилдан бери хориждаги ҳарбий ҳаракатларда ёлланмалик учун 300 дан ортиқ жиноят иши қўзғатилган

2022-йилдан бери Ўзбекистонда фуқароларнинг хориждаги қуролли ҳаракатларда иштирок этгани бўйича 338 та жиноят иши қўзғатилган. Бу ҳақда ДХХнинг «Узоқдан изланган бахт» ҳужжатли фильмида маълум қилинган.

Маълумотларга кўра, ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ҳар йили диний экстремистик ва халқаро террористик ташкилотларга қўшилган ёки хорижий ҳарбий тузилмаларга ёлланма жангари сифатида қатнашган юзлаб фуқароларни аниқланган.

Бугун юртдошларимиз нафақат мамлакатимизда, балки хорижда ҳам даромад топиш, хорижлик ҳамкорлар билан ҳамкорликда қўшма корхоналар очиш учун кенг имкониятларга эга. Айни пайтда 1,8 миллиондан ортиқ Ўзбекистон фуқаролари хорижда самарали меҳнат қилмоқда. Шунга қарамай, ҳар йили юзлаб фуқаролар хорижий қуролли гуруҳлар сафида қатнашмоқда, — дейилади хабарда.

Хусусан, 2022 йилда Жиноят кодексининг 154-моддаси (ёлланмалик) билан 19 та, 2023-йилда 68 та, 2024-йилда 112 та, 2025-йил бошидан буён эса 139 та иш очилгани таъкидланди.

Маълумот учун: 154-модданинг биринчи қисми билан айбдор деб топилган шахслар 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади, 2-қисм учун эса 7 йилдан 12 йилгача қамоқ жазоси кўзда тутилган.

AI News