Ўзбекистонда биноларнинг зилзилабардошлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар тасдиқланди
Ўзбекистонда «Бино ва иншоотларнинг зилзилабардошлигини ошириш хамда сейсмик хавфни мониторинг қилишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ҳукумат қарори қабул қилинди.

Ҳужжатда, MSK-64 шкаласи буйича 8 ва ундан юқори балли сейсмик фаол зоналарда қурилиши режалаштирилаётган тегишли янги биноларнинг сейсмик хавфсизлигини таъминлашга замонавий ёндашувларни жорий қилиш, бино ва иншоотларнинг зилзилабардошлигини янада оширишнинг замонавий тизимини яратиш белгиланади.
Шунингдек, 2025 йил 1 декабрдан бошлаб зилзилалар кучини кўрсатиб берувчи минтақавий акселерограммалар базаларидан келиб чиқиб лойиҳалаштириш амалиёти қолланилади.
Мазкур қарор, 2026 йил 1 декабрга қадар юк кўтарувчи конструкцияларни автоматик мониторинг қилиш ускунасини қўллаш шартлари ва услубиётини ишлаб чиқиш ва тасдиқлашни назарда тутади.
Хусусан, 2026 йил 1 февралдан:
• Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 15 октябрдаги 603-сон қарори асосида бериладиган зилзилабардошлик бўйича илмий хулоса учун ундириладиган тўлов миқдори 50 фоизга қисқартирилади.
• бир хил серияли объектларга илмий хулосалар фақат 1 маротаба тўлов асосида берилади, қолган шу турдаги объектларнинг лойиҳаларига илмий хулоса бериш учун тўлов ундирилмайди.
Зилзилабардошлик бўйича илмий хулосалар бериш «Шаффоф қурилиш» миллий ахборот тизимига интеграция қилинади ҳамда илмий хулосаларнинг электрон реестрини юритиш йўлга қўйилади.





